Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш учун субсидиялар: Қайси йўналишларга, қанча маблағ берилади?
Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қуйидаги мақсадлар учун субсидиялар ажратилади:
➖енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш учун – БҲМнинг 30 бараваригача (9 млн сўмгача) миқдорида;
➖суғориш воситалари харид қилиш учун – БҲМнинг 10 бараваригача (3 млн сўмгача) миқдорида;
➖уруғликлар ва кўчатлар сотиб олиш учун – БҲМнинг 3 бараваригача (900 минг сўмгача) миқдорида;
➖ишсиз фуқаролар, кам таъминланган оилалар аъзолари ва ташқи меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахсларга уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида ташкил этиладиган қишлоқ хўжалиги кооперативлари устав фондига улуш сифатида киритиш учун – БҲМнинг 10 бараваригача (3 млн сўмгача) миқдорида;
➖“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси таркибидаги қўлда гилам ва ипак мато тўқиш билан шуғулланувчиларга 3 тадан кам бўлмаган иш ўрни яратиш шарти билан гилам ва ипак мато тўқиш дастгоҳини харид қилишга сарфланадиган харажатларни қоплаш учун – ҳар бир дастгоҳ учун БҲМнинг 10 бараваригача (3 млн сўмгача) миқдорида;
➖“Яйлов хўжалигини ривожлантириш” уюшмаси аъзоларига қўл меҳнати учун ускуналар харид қилиш бўйича харажатларни қоплаш учун камида битта иш ўрни яратиш шарти билан БҲМнинг 10 бараваригача (3 млн сўмгача) миқдорида;
➖2025 йил 1 январгача жисмоний шахсларнинг аҳоли хонадонларида балиқ етиштириш йўналиши бўйича ўқув курсларида ўқиш харажатларини қоплаш учун – БҲМнинг 2 бараваридан ошмаган (600 минг сўмгача) миқдорда бир марталик;
➖тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш фаолиятини бошламоқчи бўлган ишсиз, шу жумладан, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларга фаолиятини бошлаш учун керак бўлган асбоб-ускуна, меҳнат қуролларини харид қилиш учун – 7 миллион сўмгача, хотин-қизларга 10 миллион сўмгача;
➖тадбиркорлик фаолиятини бошлаётган ишсиз фуқароларга тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтгандан сўнг дастлабки 3 ой мобайнида олинган бино ва иншоотнинг ижара тўловини тўлаш учун – БҲМнинг 10 бараваригача (3 млн сўмгача) миқдорида;
➖ҳунармандларнинг “Ҳунарманд” уюшмасига аъзолик бадали харажатлари учун – аъзолик бадали миқдорида;
➖аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказида рўйхатдан ўтган, тадбиркорлик фаолиятини бошлашни хоҳлаётган ишсиз шахсларга – якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш, кичик корхоналар ва микрофирмаларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун – сарфланадиган харажатларни тўлашда бир марталик;
➖“уста-шогирд” анъаналари асосида ёшларга ҳунар ўргатаётган ҳунармандларга (кулолларга) шогирдлар тайёрлаш, зарур хомашё сотиб олиш ва шогирдларни иш ҳақи билан таъминлаш учун – 6 ой давомида ҳар ойда БҲМнинг 2 бараваридан (600 минг сўмдан) кам бўлмаган миқдорда;
➖шогирдларга – мустақил фаолият бошлаши учун зарур асбоб-ускуна ва жиҳозларни сотиб олиш, шунингдек, усталарга – интернет сайтларини ташкил этиш, ўз маҳсулотларини жаҳон электрон савдо майдончаларига чиқариш ва реклама харажатларининг 50 фоизи, бироқ БҲМнинг 25 баравари (7,5 млн сўм) миқдоридан ошмайдиган қисмига субсидия ажратилади.