Ажрим тўғрисидаги аризага фавқуллода ҳолат сифатида қараш керак

Халқ депутатлари вилоят Кенгашнинг олтмиш тўртинчи сессиясида Самарқанд вилояти прокурори Ф.Зуфаров ана шундай фикр билдирди.

Қайд этиш ўринлики, сессия ишида фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди раиси ўринбосари Б.Норов фуқаролик ишлари бўйича судларда кўриб чиқилган бошқа ҳолатлар билан боғлиқ ишлар камайганлигини билдирди. Бироқ жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ўз вақтида кўриб чиқилмаслиги билан боғлиқ ишлар қарийб 70 фоизга ошганини таъкидлаб, оилавий ажримлар масаласига алоҳида тўхталди.

Таъкидландики, бу борада келиб тушаётган аризаларнинг аксарият қисми 35 ёшгача бўлганлар томонидан берилмоқда.

Сессияда иштирок этган вилоят прокурори Ф.Зуфаров томонидан билдирилган таклиф депутатлар томонидан бир овоздан маъқулланди.

- Оилавий ажримлар билан боғлиқ ишларда судгача бўлган жараённи кучайтиришимиз керак, - деди вилоят прокурори. - Шунинг учун ажрим тўғрисида рўйхатга олинган ариза бўйича тегишлилигидан келиб чиқиб, сектор раҳбарларига маълумот бериб бориш керак.

Тўғри, ажримларнинг олдини олиш бўйича, хотин-қизлар қўмитаси бошчилигидаги жамоат ташкилотлари томонидан муайян ишлар амалга оширилаяпти. Лекин бугунги таҳлиллар ушбу йўналишда сектор раҳбарларининг ҳам иштирокини таъминлаш, уларнинг бу борадаги масъулиятини оширишни тақозо этади.