Ака укани озодликка чиқараман деб, 9.500 долларни фирибгарга топширган

Жиззах вилоти Зомин тумани Оқтепа маҳалласида яшовчи Г.Г. укаси Р.Қ. озодликдан маҳрум қилингач, уни эркинликка чиқариш ташвишига тушиб қолди. Ундан-бундан ёрдам сўраб турган вақтида Тошкент вилояти Бекобод тумани, Оқтерак маҳалласида истиқомат қилувчи М.П. ўз “хизмати”ни таклиф қилди.

Аниқроғи, аёл пул эвазига танишлари орқали Навоий вилоятидаги жазони ижро этиш муассасасида жазо муддатини ўтаётган Р.Қ.ни озодликка чиқаришни ваъда қилди.

Шу тариқа, жорий йилнинг февраль ойида Г.Г. ўз қўллари билан М.П.га 9.500 АҚШ долларини топширди. Аммо ука эркинликка чиқмади. Шу билан бирга фирибгардан пулини қайтариб олишнинг иложи топилмади.

Илтимослари иш бермаслигини тушунган жабрланувчи ички ишлар органларига мурожаат қилди.

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар беришича, ҳолат юзасидан тегишли тартибда жиноят иши қўзғатилган.