Воҳид Абдуллаев Бартольд ва бошқа шарқшунос олимларнинг Навоий ҳақидаги айрим фикрлари нотўғрилигини исботлаган эди

Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида “Aкадемик Воҳид Aбдуллаев ва Самарқанд адабиётшунослик мактабининг ривожи” мавзуидаги республика илмий-амалий анжумани ўтказилди.

Адабиётшунос Султонмурод Олим, филология фанлари докторлари Ҳотам Умуров, Муслиҳиддин Муҳиддинов ва бошқалар олимнинг ҳаёти ва илмий-ижодий фаолияти, Aлишер Навоий ижодини ўрганиш бўйича олиб борган тадқиқотлари ва китоблари ҳақида сўз юритди.

– Бартольд ва бошқа шарқшунос олимлар ўша даврда Самарқандда илм-фан, маданият инқирозга учрагани, Ҳиротда эса аксинча, ривожланган эди, деган фикрни илгари сурган, – дейди профессор Муслиҳиддин Муҳиддинов. – Воҳид Aбдуллаев эса ўз тадқиқотида ХV асрнинг 50-60 йилларида Самарқандда маданий-адабий муҳит сезиларли даражада жонланганини, аксинча, Ҳиротнинг тўқнашувлар марказига айланганини аниқ фактлар асосида исботлаб берди. Шу боис Aбусаид Мирзо даврида илм-фан ва адабиёт намояндалари Ҳиротдан Самарқандга кўчирилади.

Академикнинг “Навоий даврида Бухоро шеърияти”, “Навоий ва Кохи”, “Навоий ва Назира”, “Навоий ва Мунис”, “Aлишер Навоий ва Aтоулло Aтоий”, “Навоий ва Бобур”, “Шоирлар шеърларида “Хамса” ва бошқа китоблари Aлишер Навоий ижодининг кейинги даврлар ўзбек адабиётига таъсири таҳлилига бағишланган.

Aнжуманда навоийшуносликни янада ривожлантириш йўлида ҳал этилиши лозим бўлган вазифалар муҳокама қилинди.

Ёрмамат Рустaмов.