Акобир Матлюбов: “Битирувчиларимизнинг 80 фоизи олий ўқув юртига ўқишга киришига ишонаман”

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти академик лицейи қатор йиллардан буён истеъдодли ўқувчилари билан танилган ўқув муассасаларидан бири. Сабаби, ушбу даргоҳга фақат билимли ўқувчилар саралаб олинади. Ўқув муассасасида талабчан, иқтидорли ўқитувчилар таълим бергани учун ҳам ўқувчиларнинг олий таълим муассасасига кириш кўрсаткичи анча юқори. Масалан, ўтган йили академик лицей ўқувчиларининг 65 фоизи олий ўқув юрти талабаси бўлди.

Ўқув даргоҳи фаолиятини яқиндан билиш мақсадида академик лицей директори Акобир Матлюбов билан суҳбатлашдик.

- Кейинги вақтларда академик лицейнинг нуфузи бир қадар пасайгандек. Лицей ўқувчилари халқаро танловларда кам қатнашяпти. Бунга сабаб нимада?

- Пандемия сабаб бу йил олимпиадалар тўхтатилди, шунинг учун ўқувчилар халқаро олимпиадаларга қатнаша олмади. Ўтган йили халқаро олимпиадаларда академик лицей ўқувчиларининг икки нафари кумуш, бир нафари бронза медалига сазовор бўлганди.

Халқаро танловларда ўқувчилар камайганининг бир қанча объектив ва субъектив сабаблари бор. Масалан, йўналишига қараб айрим фанлар чуқурлаштириб ўтилиши керак. Бизда эса ҳанузгача мактаб дарсликларидан фойдаланилади. Академик лицейлар учун алоҳида фанлар чуқурлаштирилган ўқув дарсликлари мавжуд эмас. Бундан ташқари, халқаро олимпиадаларнинг ўзига яраша талаблари бор. Бунинг учун ўқувчининг ўзи дарсдан сўнг алоҳида шуғулланиши, қўшимча дарслар олиши, қисқаси, ўзини озроқ қийнаши лозим. Аммо ҳозирги ёшлар ўзини қийнашни истамайди.

- Бугун ҳукуматимиз томонидан математика фанига эътибор кучайди. Академик лицейда математика фанини янада чуқур ўргатиш борасида қандай ишлар амалга ошириляпти?

- Азалдан математика фанларнинг отаси деб улуғланиб келинган. Президентимизнинг 2020 йил 7 майдаги “Математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий-тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги қарори қуйи таълим даргоҳларидан олий таълимгача математика фанига бўлган талабни кучайтиришни кўзда тутмоқда. Бизда бу борада билимли, тажрибали ўқитувчилар етарли. Уларнинг саъй-ҳаракатлари сабаб ўқувчилар қатор йиллар халқаро танловларда математика йўналишида фахрли ўринларни қўлга киритиб келди. Кейинги фаолиятимизда ҳам математика фанини чуқур ўзлаштира оладиган  қобилиятли, билимли ўқувчиларни тайёрлаб беришга ҳаракат қиламиз. Бу борада олдимизга қўйган самарали режаларимиз бор. 

- Карантин даврида ўқувчиларнинг ўзлаштириши пасайиб кетмадими? Улардан битирув имтиҳонлари қандай олинди?

    - 2019-2020 ўқув йилини давлат таълим стандартлари талабларига мувофиқ онлайн тарзда жорий йилнинг 31 май кунига қадар якунладик. 2-курс битирувчиларининг якуний давлат аттестациясини масофавий тарзда ўтказдик.   

Айни пайтда академик лицей битирувчиларининг якуний давлат аттестациялари якунланди. Имтиҳонлар онлайн тарзда модуль тизими орқали ташкил этилди. 4 кун давом этган аттестацияда ҳар бир иштирокчи ўзининг махсус коди билан қатнашди. Якуний давлат аттестация натижалари  бўйича ўртача ўзлаштириш 91 фоизни ташкил этиб, сифат ўзлаштириши (фақат “4” ва “5” баҳо олганлар) 76 фоизга етди.

Академик лицей ўқувчиларининг ярмидан кўпи узоқ туманлардан қабул қилинган. Сир эмас, уларнинг айримларини масофавий таълимга жалб этишда муаммоларга дуч келдик. Табиийки, бунга, энг аввало, алоқа воситаларининг етарли даражада йўлга қўйилмаганлиги, айрим ҳолатларда оилалардаги моддий етишмовчиликлар сабаб бўлди. Натижада ўқувчиларнинг ўзлаштиришида кам миқдорда бўлса-да пасайиш кузатилди. Масалан, аъло баҳоларга ўқиб, имтиёзли дипломга даъвогар бўлган 21 нафар ўқувчиларнинг атиги 7 нафари ўқув йили якунида бу шарафга лойиқ деб топилди.

Якуний давлат аттестациясидаги “2” баҳо олган ўқувчилар ҳам айнан синов пайтида алоқа носозлиги ёки узилиши сабабли паст баҳо олгани аниқланди. Бундай ўқувчиларга уларнинг аризаларига кўра қайта топширишга рухсат берилди. Натижада 100 фоиз ўзлаштириш даражасига эришилди. Бу йил академик лицейни 380 нафар ўқувчи битирди. Насиб этса, 80 фоиз битирувчиларимиз олий ўқув юртига ўқишга киради.

Академик лицейга умумий ўрта таълим мактаблари 9-синф битирувчиларининг 2020-2021 ўқув йили учун қабул жараёни ҳам қизғин паллада. Ўзбекистонда коронавирус тарқалишига қарши профилактика мақсадида қилинган карантин сабабли бажарилиши лозим бўлган тадбирлар масофавий равишда давом этмоқда.

- Академик лицей нуфузини янада ошириш учун нима қилиш керак?

- Аълочи ўқувчини мактаб академик лицейга беришдан кўра, ўзида олиб қолишни истайди. Шунинг учун ҳам лицейга ўқувчиларни 7-8-синфдан ўқишга қабул қилиш керак, деб ҳисоблайман. Бу ҳақда таклифларимни олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ҳам киритганман. Агар бу таклиф тасдиқланса, академик лицей ўқувчиларининг олий таълим муассасаларига кириш фоизи янада ортади.

- Ўқув даргоҳида қандай муаммолар бор?

- Ҳамма жойда бўлгани каби биз ҳам муаммолардан холи эмасмиз, албатта. Ўқитувчиларнинг иш ҳақи ўртача 2,5-3 миллион сўм атрофида. Ваҳолангки, олий таълим муассасалари ўқитувчиларининг маоши ўртача 5-6 миллион сўм. Шунинг учун айрим ўқитувчилар олий таълим муассасаларига ўтиб кетмоқда. Аммо бизда фидойи ўқитувчилар ҳам талайгина. Маоши кам бўлса-да бошқа жойга кетмасдан ишлаб келмоқда. Академик лицей ўқитувчиларининг ҳам маоши оширилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА
суҳбатлашди.