Алимент тўламаган ота 15 суткага қамалди

Алимент тўламаслик ишсиз эркакни жавобгарликдан озод қилмайди. Ҳ.Ў 4 нафар фарзанди бор. Турмуш ўртоғи билан ажрашган. Вақтинча ишсиз, деб Олий суд матбуот хизматига таяниб human.uz хабар бермоқда.
Хабарда айтилишича, Фуқаролик ишлари бўйича Ўзбекистон туманлараро судининг 2009 йил 25 сентябрь кунги ижро варақасига кўра, собиқ турмуш ўртоғи Г.Гнинг тарбиясида бўлган бир нафар вояга етмаган фарзанди, яъни 2009 йил 22 май куни туғилган қизига моддий таъминоти ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларининг 1/4 қисми миқдорида алимент тўлаши белгиланди. 
Аммо у деярли 9 ой мобайнида алимент пулини тўламади. Қонун тили билан айтганда, вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан қасддан бўйин товлади. Унинг алиментдан қарздорлиги 3,5 млн. сўмдан ошган.
Судда Ҳ.Ў ҳуқуқбузарлик ҳаракатига тўлиқ иқрор бўлган. Ҳ.Ўнинг айтишича, оилавий келишмовчилик туфайли аёли билан ажрашган. Бошида алимент пулларини тўлаб келган. Кейинчалик ҳеч қаерда ишламаганлиги сабабли тўлолмаган.
Ҳ.Ўнинг ҳуқуқбузарлик ҳаракати Мажбурий ижро бюроси Дўстлик туман бўлими ходими томонидан расмийлаштирилган маъмурий баённома, тушунтириш хатлари ҳамда ишда тўпланган бошқа далиллар билан тўлиқ ўз тасдиғини топди.
Суд ҳуқуқбузар Ҳ.Ўга Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 474-моддаси 1-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган, деб топди ва унга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлади.