Самарқандда 378 нафар алимент тўловчи аёл бор
Бу ҳақда вилоят Матбуот уйида Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармасининг 2023 йилдаги фаолиятига бағишланган матбуот анжуманида айтилди.
Анжуманда мавзу юзасидан бошқарма бошлиғи С.Жабборов маълумот берди. Таъкидланганидек, 2023 йил давомида бошқарма томонидан жами 547 487 та ижро ҳужжатлари бўйича мажбурий ижро тадбирлари амалга оширилган. Шундан 314 445 таси юзасидан якуний қарорлар қабул қилиниб, 2,3 триллион сўм ундирилиши таъминланган. Бюронинг Самарқанд туманлараро бўлими томонидан олиб борилган соддалаштирилган ижро ҳаракатлари давомида, яъни ахборот коммуникация технологиялари ёрдамида 159 012 та ижро ҳужжати ижро этилиб, 63,1 миллиард сўм пул маблағи ундирилган.
- Тизимни рақамлаштириш ишлар амалга оширилмоқда, - дейди С.Жабборов. – Ходимларимизнинг иш юкламаси катта, улар эшикма-эшик юрмаслиги керак. Агар ижро тадбирини тўлиқ онлайн амалга ошира олсак, иш самарадорлиги ошади, шунинг баробарида инсон омили билан йўл қўйиладиган турли хатоликларнинг олди олинади.
2023 йилда бошқарма тизимидаги 70 нафар ходимга нисбатан жами 30 та хизмат текшируви ўтказилган. Натижада 38 нафар ходим томонидан ўз вазифасига номуносиб хатти-ҳаракатлар содир этилганлиги ўз тасдиғини топган, шундан 5 нафари бюро органлари тизимидан бўшатилган.
Алимент масаласига келсак, ҳисобот даврида жами 203,5 миллиард сўмдан ортиқ алимент пуллари ундирилган. Фуқаролар ўртасида олиб борилган профилактик суҳбатлар натижасида 7 207 та оила яраштирилган. Маълумотга кўра, шу кунда вилоятимизда 378 нафар алимент тўловчи аёл ҳам бор.