Алло, бу фавқулодда вазиятлар хизматими?..

Самарқанд шаҳридаги хонадонлардан бирида ёлғиз истиқомат қилувчи кекса аёл қозонга овқат солиб, ўзи дўконга чиқади. Аммо қайтиб келганида эшикни оча олмайди, калит уйда қолган.

Хавфли вазият - агар вақт бой берилса, ёниқ ҳолда қолган газ плитасидан ёнғин чиқиб, нафақат ўз уйи, балки бинодаги бошқа хонадонлар ҳам зарар кўриши мумкин. Қўшнилар тавсияси билан фавқулодда вазиятлар хизматига қўнғироқ қилинди.
— Мурожаатдан кейин воқеа жойига навбатчилик гуруҳи етиб борди, - дейди вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси навбатчи диспетчерлик хизмати ходими Тўхтамурод Ҳафизов. – Махсус техникалар ёрдамида эшик очилгач, хонадон ис гази ва ёнғин хавфсизлиги бўйича назоратдан ўтказилди. Агар фуқаро вақтида қўнғироқ қилмаганида вазият аянчли якун топиши аниқ эди. Фаолиятимизда бу каби ҳолатлар кўп учрайди.

«1050» қандай рақамлигини билмайдиганлар бор
Яқинда Самарқанд тумани ҳудудидаги Қорасув массивида жойлашган кўп қаватли уйлардан бирига лифт орқали кўтарилаётган бир гуруҳ фуқаролар ускуна ичида қамалиб қолади. Ярим тун, уларнинг бақир-чақирини эшитадиган одам йўқ. Аксига олиб, лифтнинг фавқулодда алоқа тугмаси ҳам ишламайди. Уларни эртаси куни қўшнилардан бири пайқаган ва дарҳол фавқулодда вазиятлар хизматига хабар берган.

Қутқарув гуруҳи уларни лифтдан чиқариб, биринчи тиббий ёрдамни кўрсатган. Бироқ лифтда қолган 3 кишининг барчасида қўл телефони бўла туриб, бирортаси фавқулодда вазиятлар хизматига қўнғироқ қилишни ўйлаб кўрмагани ачинарли. Агар билишганида улар шу куннинг ўзидаёқ қутқариларди, асосийси, ҳаётлари хавф остида қолмасди.

— Диспетчерлик хизматимиз 101 ҳамда 1050 қисқа рақамлари бўйича қўнғироқларни қабул қилади, - дейди Тўхтамурод Ҳафизов. – Бироқ уларга адашиб терувчилар ҳам кўп. 8 йиллик фаолиятим давомида бунга ўрганиб кетганман. Кўп ҳолларда фуқаролар уларни алоқа операторларининг рақами билан адаштиради. Электр энергияси ёки газ таъминотидаги узилишлардан шикоят қилиб чиқувчилар ҳам бўлади. Биз ҳеч бир мурожаатни эътибордан четда қолдирмасликка ва «эга»ларига етказишга ҳаракат қиламиз.

Бошқармадан олинган маълумотга кўра, биргина жорий йилнинг биринчи чорагида вилоятимиздан диспетчерлик хизматларига 1900 дан ортиқ мурожаат бўлган. Шундан 271 таси ёнғин, 239 таси қутқарув хизматлари бўйича. 1403 таси эса фуқароларнинг маълумот сўраб ёки бошқа мақсадларда қилган мурожаатлари ҳисобланади.

«Сиз ишлаяпсизми, биз эса дам оляпмиз»
Фавқулодда вазиятлар хизматининг қисқа рақамига адашиб тушиш айб эмасдир, аммо ёлғон ахборот бериш ёки соҳа ходимларини калака қилиб, тармоқни банд қилиш жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин. Айтайлик, сиз диспетчерларга бирор жойда ёнғин бўляпти, деб ёлғон хабар бердингиз. Табиийки, сизнинг овозингиз ёзиб олинади ва иш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан кўриб чиқилади. Бунда сиз ҳам қонунбузарлик учун жавоб берасиз, ҳам махсус техника ва ходимларни ҳаракатга келтириш учун кетган харажатларни қоплайсиз.

Суҳбат чоғида диспетчерлар айрим ёшларнинг тезкор рақамга уларни калака қилиш учунгина қўнғироқ қилаётганини яшириб ўтиришмади. Ижтимоий тармоқларда трендга чиққан қилиқлардан бири: 24/7 режимида ишловчи тизимларга қўнғироқ қилиб, «Сиз ишлаяпсизми, биз эса дам оляпмиз», дея кулги уйғотиш. Назаримизда, бу кулгили эмас, аксинча, фаолият тури инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолиш бўлган соҳа ходимларига ҳурматсизликдир.

Маълумот учун, биргина шу диспетчерлик хизматида ҳар куни 2 киши 24 соатлик навбатчилик асосида меҳнат қилади. Бундан ташқари, вилоятда 30 дан ортиқ фавқулодда вазиятлар бўлими бўлиб, уларда ҳам тезкор навбатчи диспетчер фаолият юритади. Яъни, сиз «1050» қисқа рақамини терганингизда вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасига тушасиз. «101»га қўнғироқ қилганингизда эса алоқа операторлари қўнғироғингизни сизга энг яқин ҳудудда жойлашган фавқулодда вазиятлар бўлимига йўналтиради. Бошқача айтганда, мингдан ортиқ техника ва мутахассислар куну тун бизнинг хавфсизлигимизни таъминлаш учун шай ҳолатда бўлади. Ва албатта, сиз дам олаётганингизда улар меҳнат қилаётган бўлади.

Нега «1050» АҚШнинг «911» хизматидек машҳур эмас?
Хориж фильмларида махсус хизматлар фаолияти алоҳида мавзу ҳисобланади. Хусусан, «911» Америкада нимани англатишини кўпчилик яхши билса керак. У барча махсус хизматларни ўзида жамлаган қисқа рақам бўлиб, тизимда тегишли тайёргарликдан ўтган психолог мутахассислар фаолият юритади. Масъуллардан шу саволга ҳам жавоб олишга ҳаракат қилдик.

— Ҳозирча бизда барча махсус хизматлар билан боғловчи ягона, интеграциялаштирилган қисқа рақам йўқ, - дейди вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси тезкор бошқарув маркази бошлиғи Акбар Очилов. – Лекин бу йўналишда иш олиб борилмоқда. Яқин келажакда бизда ҳам шундай рақам бўлади ва у республика бўйича қўнғироқларни қабул қилади. Ходимларнинг тайёргарлиги масаласига келсак, тизимизда диспетчерлик фаолиятига жалб қилинганлар ҳам махсус тайёргарликдан ўтиб, хизмати давомида ҳам тизимли ўқувмашғулотларида қатнашади. Фаолиятимизда асосийси, аниқлик ва тезкорлик. Бошқа давлат идоралари билан ҳам тезкор алоқа линияларимиз бор. Айтайлик, йўл транспорт ҳодисаси содир бўлди. У ҳақда хабар олингач, диспетчерларимиз тезкорлик билан тез тиббий ёрдам, ички ишлар ва бошқа тизим идораларига ҳолат ҳақида хабар беради.

Асқар БАРОТОВ.