“Алло, бу “Зарафшон”ми?”

- Алло, ассалому алайкум, бу “Зарафшон” газетасими? – деди хонамда жиринглаган телефон гўшагини кўтаришим билан бир аёл киши ва саломга алик олиб, “Ҳа”, дея тасдиқлаганимдан кейин сўзида давом этди.
– Бизда “свет” йўқ. Президентимиз айнан шу каби муаммоларга ечим топиш мақсадида йиғилиш ўтказаётган экан. Бу хабарни бир танишим уй телефонимга қўнғироқ қилиб, менга етказди. Бундан жуда хурсанд бўлдим. Имкони бўлса менинг гапларимни бир мақола қилиб, ёритишингизни сўрардим.
Исм-фамилияси сир сақланишини сўраган онахон Самарқанд шаҳри Рўдакий кўчасидаги кўп қаватли уйлардан бирида яшашини айтди.
- 112- ва 114-уйларда “свет” йўқ, - дейди у. – Масъул ташкилотларнинг ишонч телефонларига қўнғироқ қилиб, аниқ жавоб ололмадик. Давлатимиз раҳбари йиғилиш ўтказаётганини эшитиб, бугундан бу масалаларга ечим топилишига умид қиляпмиз. Шукурки, янги йил аввалида қатор қийинчиликларга дуч келиш билан бирга қувончли хабарларни ҳам эшитяпмиз. Масалан, 50 йилга яқин ўқитувчилик қилганим инобатга олиниб, пенсиям сезиларли даражада ошди. Маҳаллада кўпчилик мени ҳурмат қилади. Аномал совуқ кунлари пайдо бўлган муаммолар билан курашиш учун ҳам қўшниларим менга кўпроқ суянишди. Уларга сабрли бўлиш ҳақида ҳам маслаҳатларимни бердим, аммо кўп қаватли уйларда газ ва электрсиз яшаш қийинлигини ҳамма яхши билади. Айниқса, кексалар ва ёш болаларга осон эмас.
Унинг мурожаатини газета ёки сайтимиз орқали масъулларга етказишни ваъда қилиб, хайрлашар чоғимда онахон кечирим сўраб, яна гапиришда давом этди.
- 2023 йил – Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили, деб эълон қилинди, - деди. – Тўғри, бошланиши бироз оғир келди. Илоҳим, давоми хайрли бўлсин. Уйда бир ўзим яшайман. Ёлғиз она, собиқ ўқитувчи, Халқ таълими аълочиси сифатида йил номига муносиб бўлишига умид қиламан. Мақтанишга йўйманг, шукурки, мен шогирдларимни тўғри тарбиялаб, уларга сифатли таълим берган эканман. Сабаби, аксарияти нуфузли ташкилотларда ишлайди. Кўпчилиги мени йўқлаб туради. Қўнғироқ қилиб ҳол сўрайди. Ўша оқибатли собиқ ўқувчиларим мени 2015 йилда муборак Ҳаж сафарига юборишди. Бу мен учун таълимнинг орқасидан олган ҳаётимдаги энг олий мукофот бўлди. Ҳар ким ўз ишига масъулият билан ёндашса, ажр-мукофотини олади, мақсадга эришади.
Тўлқин СИДДИҚОВ.