Алпомиш ва Қоражондан мерос дўстликка ҳеч қандай фитна соя сололмайди

Доимгидай эрта тонгда хабарлар билан танишаётганимда қардошимиз қорақалпоқ элининг тинчлигини, ҳаловатини кўтарган, орамизга нифоқ уруғини сочишга уринаётганлар ҳақидаги нохуш хабарга кўзим тушди.

Бу ҳолат нафақат қорақалпоқ халқини, балки дўстлиги, қардошлиги Алпомиш ва Қоражондан мерос бўлган, машаққатли, синовли дамларда бир-бирига елка тутган ўзбек халқини ҳам ташвишга солди. Бежизга эмас, албатта. Бунинг сабабини, илдизларини кўрсатиш учун “Алпомиш”даги қуйидаги фикрларнинг ўзи кифоя, назаримда. Қоражон Алпомишни меҳмон қилиб турганида онаси Сурхайл кампир Алпомиш ҳақида сўрайди. Шунда Қоражон қуйидагича жавоб беради:
То ўлгунча Яратганга рост бўлдим,
Ўз феълимдан чўпу хастдан паст бўлдим,
Худони ўртага қўйиб дўст бўлдим,
Келган меҳмон сенинг ўғлинг бўлади.

Халқ оғзаки ижоди ўтмишнинг кўзгуси. Бу ҳақиқатни ҳеч қайси давр, ҳеч қайси замон инкор эта олмайди. Кўриниб турибди, бизнинг биродарлигимиз жон билан, иймон билан. Яратганнинг амри билан боғланган. Дардимиз ҳам, шодлигимиз ҳам бир бўлган.

Эркин Аъзамнинг “Танҳо қайиқ” драмаси бор. Бу асарни такрор-такрор ўқийман. Ҳар сафар ўқиганимда янги фикрлар, қарашлар туғилаверади. Аммо ҳамиша руҳим, таним Орол бобонинг виждон, иймон каломи билан ураётган юраги, теран нигоҳлари, залворли жумлалари қаршисида сўзсиз қолади. Эҳтимол, Орол бобода бор бўйи билан гавдаланадиган одамийлик ақлимни шоширар. Лекин бир ҳақиқат аён, биргина Орол бобо тимсоли ортида бутун қорақалпоқ элининг меҳнатсеварлиги, матонати, она заминга бўлган эҳтироми ва муҳаббати акс этади. Бу баландпарвоз гаплар эмас. Минглаб ўзбеклар қаторида менинг ҳам қорақалпоқ халқига бўлган самимий ҳурматимининг бир кўриниши, холос.

Юртбошимиз яқинда бўлииб ўтган ёшлар байрамида “Мен нафақат ўзбек халқининг, балки қорақалпоқ халқининг ҳам фарзандиман” дея таъкидлади. Дарҳақиқат, бу синовли вазиятда президентнинг халқига бўлган фарзандлик садоқати меҳри ва бурчи яққол намоён бўлди.

Халқимизнинг азалдан тинчликка, осойишта ҳаётга талпинган. Ўз меҳнати билан қўрғонини, маҳалласини, диёрини ва кўнглини обод қилади. Бу каби яратувчанликни, шижоатни “ҳазм қила олмайдиган” гумроҳлар эса ҳар қадамда фитна ҳозирлайди. Ишонаманки, бу “ўйин”ларда ёру биродарлигимиз, аҳиллигимиз янада чиниқаверади. Мана шу шарқона тарбия, шарқона усул аслида. Эътиқодимиз бир, тилимиз бир. Бизни ҳамиша эзгу мақсадлар, амаллар бирлаштираверади. Ғаламислар эса ўзлари қазиган чоҳга ўзлари тушаверади.

Дилноза Алимова,
Шароф Рашидов номидаги
Самарқанд давлат университети талабаси.