Амир Темурнинг “Кўктош”и
Ургут туманининг Бешкапа қишлоғида XIX асрнинг иккинчи ярмида туғилиб, ХХ асрнинг 30-йилларигача яшаган, Ватанимизнинг озодлиги учун жон фидо қилган қўрбоши Мирзаполвон ҳар гал намозини “Эй Аллоҳим, бизга Соҳибқирон Амир Темурнинг Кўктошини озод кўришни насиб қилгин”, деган тилак билан якунлар экан.
Бу сатрларни ўқиганлар, Амир Темурнинг Кўктоши қанақа тош бўлган, нега Мирзаполвон бу тошни озод кўришни истаган экан, деган хаёлларга бориши мумкин.
Қуйида биз ўша тош ҳақида сўз юритишни ният қилдик.
Кўктошда ўтирмаган амир ҳукмдор эмас(ми?)
Тарихий манбаларда айтилишича, Амир Темурнинг тахти Кўктош дея аталмиш чўзинчоқ, тўртбурчак, кулранг кўринишли яхлит мармартошнинг устига ўрнатилган бўлиб, бу тошнинг ёнларига моҳир тоштарошлар нафис нақшлар чизган ва унинг тўрт қиррасини устунсимон қилиб йўнганлар.
Кўктош Соҳибқирон томонидан Самарқанд аркида бунёд қилинган тўрт қаватли, муҳташам Кўксаройнинг тахтхонасига ўрнатилган. Ҳашаматли қилиб безатилган бу хонада Амир Темур тахтда ўтириб, элчиларни, саломга келган аъёнлар ва аслзодаларни қабул қилган, шунингдек, ўз арзиҳолини айтишга келган фуқароларнинг дардларини тинглаган.
Мирзо Бобур бу сарой ҳақида: “Самарқанд Аркида Темурбек бир улуғ кўшк солибтур, тўрт ошёнлиқ, Кўксаройға мавсум ва машҳур, бисёр олий имораттур”, – дейди.
Энди Кўктошга қайтадиган бўлсак, бу тош Соҳибқироннинг вафотидан сўнг ҳам темурийзодаларга тахт сифатида хизмат қилган. Соҳибқирон бобосининг тож-тахтини ноқонуний эгаллаган Халил Султон ҳам, отасининг кўмаги билан Самарқандни қўлга киритган Мирзо Улуғбек ҳам Кўктош устига ўтириб давлатни бошқарган.
Соҳибқироннинг табаррук изи қолган Кўктош тож-тахт ва ҳукмдорликнинг қонуний тимсоли бўлиб қолган эдики, темурийлардан сўнг Мовароуннаҳрда ҳукмдорлик қилган шайбонийлар, аштархонийлар ва манғитлар ҳам Кўктош устига расмий ўтириш маросимларини ўтказишга мажбур эдилар. Аштархонийлар ва манғитлар даврида пойтахт Самарқанддан Бухорога кўчган вақтда Бухоро амирлари Самарқандга келиб, Кўктошга ўтириш маросимини ўтказар эдилар. Кўктошга расмий ўтириш маросимини ўтказмаган янги амир ўзини тўлақонли амир ҳисоблай олмас, фуқаро ҳам унинг амирлигини тўла тан олмас эди. Бунга мисол қилиб, Чингизхоннинг сўнгги авлоди бўлган Абулфайзхондан тахтни тортиб олган Раҳимхон манғит билан бўлган воқеани эслаш жоиз.
Абулфайзхоннинг вазири бўлган Раҳимхон уни яширинча ўлдириб Бухоро тахтини эгаллайди. Амир Темур замонидан қолган анъанага кўра, ҳар бир янги амир Самарқанддаги Кўктошга ўтириш маросимини ўтказиши лозимлигини яхши билган Раҳимхон манғитни қонуний амир Абулфайзхондан ноқонуний равишда ҳукмдорликни тортиб олганидан яхши хабардор бўлган самарқандликлар уни амир сифатида тан олмайди ва шаҳарга киритмасликка, Кўктошга яқин йўлатмасликка қарор қиладилар. Самарқандликларнинг бу қароридан жаҳли чиққан Раҳимхон Кўктошсиз ҳам бу маросимни ўтказишга жазм қилади. Бунинг учун Бухорода, сарой олдида Кўктошга ўхшатиб лойдан кичикроқ бир супача ясайдилар ва Бухоро амирлигида яшовчи барча ўзбек уруғларининг беклари уни аввалига оқ кигизга, сўнгра супачага ўтқазадилар. Шу тариқа унинг ҳукмдорлиги тан олингандек бўлади, аммо барибир унинг кўнгли тўлмайди, ҳукмдорлиги кемтикдек туюлаверади.
Орадан вақт ўтиб, самарқандликлар ҳам Раҳимхонга тобелик изҳор қиладилар. Шундан сўнг Раҳимхон Самарқандга келиб иккинчи марта тахтга ўтириш маросимини ўтказади. Фақат шундан сўнггина у ўзини ҳақиқий амир сифатида ҳис қилади.
Амир Темурнинг тахти Кўктошга янги амирни ўтқазиш маросими жуда катта тантана бўлган. Бу анъананинг тафсилотлари ҳам айрича. Биз қуйида амир Музаффарни Кўктошга ўтириши маросими ҳақида батафсилроқ тўхталмоқчимиз.
Музаффархоннинг Кўктошга чиқарилиши қандай кечганди?
1860 йили Бухоро амири Насрулла вафот этгач, унинг ўрнига ягона ўғил Музаффархон ўтиради. У отаси вафотининг 40 кунлигини ўтказиб, Кўктошга ўтириш учун Самарқандга йўл олади. Янги амирни самарқандликлар карнай-сурнайлар билан кутиб оладилар. Музаффархон Шоҳи Зинда қабристонига бориб, улуғлар, азиз-авлиёларнинг хотирасига Қуръон тиловат қилгач, Самарқанд ҳокими Раҳимхон парвоначининг меҳмонхонасига тушади. Бу меҳмонхона Кўктош турган ердан 30 қадамча нарида, шаҳар Аркининг ичида эди. Раҳимхон парвоначи янги амирга ўзининг ўта содиқ эканини исботлаш учун Кўктошга ўтириш маросимига катта тайёргарлик кўради. Меҳмонхона ва Кўктош ўртасидаги йўлакка шоҳи газламалардан пойандоз тўшалади. Кўктош ва у жойлашган бинонинг устига ҳам ҳар хил нафис матолар ёпилади. Бу тантанали маросимни томоша қилиш учун шаҳар халқи Аркка оқиб келади.
Музаффархоннинг амалдорлари ва сарой аъёнлари ҳам кўтаринки кайфиятда туришарди. Амалдорлардан бири халқнинг устига кумуш тангалар сочиб турибди, халқ талашиб-тортишиб сочқиларни термоқда. Кўктошдан 10 қадамлар берида оқ кигиз тўшалган. Икки амалдор Музаффархонни икки қўлтиғидан суяб, оқ кигизнинг устига ўтқазадилар. Амир Музаффархон оёқларини чалкаштириб, чордана қуриб, кигизнинг устига хотиржам ўтирибди. Шундан сўнг, Бухоро амирлигида яшовчи минг, кенагас, манғит, найман хитой-қипчоқ, юз, қирқ каби ўзбек уруғларининг бошлиқлари ҳамда Раҳим парвоначи ва бошқа амалдорлар кигизда ўтирган амирни бошлари баробар уч марта кўтариб, Кўктош томонга юрадилар ва оҳистагина Кўктошга ўтқазадилар.
Кигиз четидан ушлаган барча амалдорлар сўнгра Кўктош атрофидан жой оладилар. Бу маросимда қатнашган бир кишининг тарихчига ҳикоя қилишича, амир Насруллони Кўктошга ўтқазиш маросимида бу ерда тўпланган халқ қийқириб, ҳар хил тилаклар тилаган экан. Музаффарни Кўктошга ўтқазишганида эса халқ қийқирмаган ва маросимни жимгина кузатиб турган.
Шу ўринда муҳим бир детални эсламоқ лозимдир. Кўктошнинг тепа қисмининг чеккасида кичикрок бир чуқурча ясалган. Бу чуқурчага, тахтга ўтириш маросимида қатнашган барча уруғларнинг беклари бир донадан олтин танга ташлаганлар. Маросим тугаганидан сўнг эса бу тангалар халққа тарқатилган.
Амир Музаффар Кўктошга ўтқазилганидан сўнг бош вазир уни табриклаб нутқ сўзлайди, сўзини якунлагач, оҳиста бориб амирнинг қўлини ўпади. Ундан сўнг барча туманларнинг беклари ҳам амирни табриклайдилар ва унга ўзларининг содиқлигини изҳор қилиб қўлини ўпадилар. Бу тафсилотларни ёзиб қолдирган рус тарихчисининг айтишича, амирлар фақатгина Кўктошга ўтириш маросимидагина ўз аъёнларига қўлларини ўптирганлар, бошқа вақтда эса бу ҳол такрорланмас экан.
Амир Музаффар барча табрик ва тилакларга бошини қимирлатиб жавоб берган, холос. Унинг номидан бош вазир барчага ташаккур билдирган. Кўктошга ўтириш маросими тугагач, амирнинг яқинлари уни қўлтиғидан ушлаб оҳистагина тошнинг устидан туширганлар. Шундан сўнг меҳмонхонада шоҳона базм бошланган.
Айрим тарихчиларнинг аниқлашича, Кўктошга ўтқазиш маросимида амир ўтирадиган оқ кигизнинг устига Маккадаги муқаддас Зам-Зам булоғидан келтирилган сув сепилган.
Соҳибқироннинг пойқадами теккан Кўктош узоқ асрлар давомида Кўксаройда турди, бу сарой аста-секинлик билан харобага айлангач, Бухоро амирлари Кўктош учун махсус бино қурдирганлар. Бу бино айнан Кўксаройнинг тахтхонаси устига қурилганми ёки унинг атрофида бўлганми, очилмаган жумбоқдир. Энди эса буни ҳеч қачон аниқлаб бўлмайди. Ҳозирда бу бинолардан ном-нишон қолмаган.
XIX асрда Кўктош турган саройнинг кўриниши бизга 1868 йили Самарқанд истилосида қатнашган рус рассоми В.Верешчагин чизиб қолдирган сурати орқали маълум. Бу суратдан англанишича, Кўктош ўрнатилган сарой тўртбурчакли бўлиб, деворнинг тўрт томонида айвон қилинган, айвоннинг ўртаси очиқ, тўрида эса Кўктош қўйилган. Саройнинг устунлари, шифти ва тоқи нафис нақшлар билан безатилган. Кўктош устига бундай ҳашаматли бинонинг қурилиши бу тошга бўлган чуқур эҳтиромнинг рамзи эканини англатиб турибди. Кўктош Амир Темур давридан XIX асрнинг охиригача, Туркистонда ҳукмдорлик, тож-у тахт рамзи бўлган. Бу тошнинг халқ онгидаги улкан таъсирини яхши англаган рус генерали фон Кауфман 1868 йилнинг 2 майида Самарқанд шаҳрини эгаллаганида Россия империясининг икки боши бургут акс эттирилган байроғини айнан Кўктош турган саройнинг пештоқига қадаб қўйган.
Самарқандга ташриф буюрган барча сайёҳлар, албатта, Кўктошни келиб кўрар эдилар. Шундай сайёҳлардан бири украиналик тарихчи Д.Эварницкий ҳам Самарқандга келганида Кўктошни зиёрат қилиб, у ҳақида қизиқарли маълумотлар ёзиб қолдирган.
Унинг ёзишича, Соҳибқироннинг Самарқанд аркидаги саройи икки бўлимдан иборат бўлиб, биринчи бўлим сарой аҳилларига мўлжалланган, иккинчиси эса Кўктош ўрнатилган хона, яъни тахтхона – қабулхона деб аталган. Қабулхонанинг деворларида нафис матога олтин ҳарфлар билан битилган иккита фармон ҳам осиғлиқ турган.
Тарихчи С.Лапиннинг ёзишича, деворга осиғлиқ, ёзув битилган буюмлар Амир Темурга Туркия султони томонидан юборилган ёрлиқлардир. Унда Туркия султони Амир Темурни ҳукмдор сифатида тан олганлиги ёзилган экан. Афсуски, бу қимматли буюмлар бизгача етиб келмаганлиги сабабли уларнинг ҳақиқий мазмуни ва аҳамиятлари ҳақида асосли фикрлар юритишнинг иложи йўқ.
Д.Эварницкий “Соҳибқироннинг Кўктошини зиёрат қилган мусулмонларнинг кўнгилларида, қадимда ва ҳозирги кунларда ҳам чуқур ҳис ҳаяжон, хушкайфият ҳамда фахр туйғулари уйғонар эди”, деб ёзиб қолдирган.
Кўктош қадри нимада?
Соҳибқироннинг тахти Кўктош ҳақида ёзган айрим тарихчилар бу тошни Амир Темурга алоқаси бўлмаса керак, уни Улуғбек узоқдан келтирган бўлиши мумкин, деган тахминларни ҳам айтиб кетган. Аммо тарихий далиллар бу тахминни батамом рад этади. Мирзо Улуғбек Мўғулистондан келтирган тош нефрит-моҳтоб қора тош бўлиб, у ҳозирда Амир Темур мақбарасида турибди. Кўктош эса оддий мармар тош бўлиб, бу тош Самарқанд вилоятидаги мармар конларининг биридан келтирилган бўлиши мумкин. Кўктошнинг қадри унинг жинсида эмас, балки Соҳибқироннинг тахти бўлганлигида.
Тарихий манбаларда келтирилишича, Абулхайрхоннинг набираси Муҳаммад Шайбонийхон Шоҳбахт Мовароуннаҳр тож-тахтни темурийлардан олганидан сўнг Хуросонга юриш қилади ва бу ерда эронлик қизилбош туркларнинг подшоси Шоҳ Исмоил I билан юзма-юз бўлади. Бу жангда омад Шайбонийхондан юз ўгиради, у ҳалок бўлади. Дашти Қипчоқдан Шайбонийхонга ёрдамга бораётган Суюнчхўжа Самарқанд яқинида даҳшатли хабарни эшитади. Шайбонийхон ҳалок бўлганидан сўнг самарқандликлар саросимага тушиб, бўшаб қолган тахтга зудлик билан Суюнчхўжани ўтқазадилар. Шаҳар аслзодалари уни иззат-икром билан кутиб олиб, Амир Темур бино қилган жоме масжидда унинг номига хутба ўқийдилар ва оқ кигизга ўтқазишиб Соҳибқироннинг Кўктошига кўтарадилар. Бу маълумотлар Кўктошнинг Соҳибқиронга тахт бўлиб хизмат қилганлигини яна бир карра исботлаб турибди.
Кўксарой қачон вайрон бўлган?
Кўксарой ҳақида ёзган М.Массон, В.Шишкин ва Э.Буряковаларнинг фикрича, Кўксарой бундан икки ёки уч асрлар илгари йўқ бўлиб кетган. Аммо XIX асрнинг иккинчи ярмида Самарқандга келган рус ҳарбийлари ва сайёҳлари Самарқанд руслар томонидан истило қилинган пайтларда ҳам Кўксарой бор бўлганлигини ёзган. Масалан, Н.Маевнинг ёзишича 1870 йилда Самарқандга келганида Кўксарой мавжуд бўлган ва у ҳарбий госпиталга айлантирилган.
Бизнингча, сарой 1880 йилларида йўқ қилинган бўлиши мумкин, чунки ўша йиллари рус ҳарбийлари Самарқанд аркидаги кўҳна обидаларни портлатиб, ичини текислаган ва бу ерда ҳарбий гарнизон қурилган.
Кўктош 1960 йилларгача Самарқанд арки ўрнида қурилган ҳарбий гарнизон ичида турган, сўнгра бу ерда янги маъмурий бинолар қурилиши муносабати билан тош Амир Темур мақбарасининг ҳовлисига кўчирилган ва ҳозирда ҳам шу ерда турибди.
Кўктошнинг тарихий қимматини рус ҳарбий министри генерал Куропаткин бир аср илгари жуда юқори баҳолаган эди. У 1901 йилда Туркистон ҳарбий округига сафари чоғида Самарқандга келиб, Кўктошни кўради ва Санкт-Петербургга қайтиб ҳисобот ёзар экан: “Самарқанддаги ҳарбий омборхонада қатъий тартиб ўрнатилган. Фақат мени Темурланг тахтининг усти ҳар хил артиллерия қуроллари билан тўлдириб ташлаганлиги ажаблантиради. Бинонинг томи сақланган. Ахир бу катта ўтмиш ва тарихий муқаддас нарса-ку, уни албатта асраш керак. Бинонинг Кўктош турган қисмига махсус музейсимон иншоот қуриш лозим. Унга алоҳида эшик қурилиб барча ташриф буюрувчиларни ва хорижликларни киритиш керак” – деган эди.
Шу ўринда айрим мулоҳазаларимни ўртага ташламоқчиман. Маълумки, Соҳибқирон бобомиз XIV аср 70-йилларида Самарқандда, 36 гектар майдонни эгаллаган Арки аълони бунёд қилиб, унинг ичига Кўксарой ва Бўстонсарой номли икки сарой қурдирган эди.
Кўксаройда улуғ бобомизнинг тож-тахти, хазинаси ва кутубхонаси сақланган. Шунингдек, Арки аълонинг ичида ҳашаматли ҳаммом, ҳунармандлар устахоналари ва аслзодалар учун турар жойлар қурилган.
Арки аъло темурийлар, Мовароуннаҳрни бошқарган шайбонийлар, сўнгги хонлар учун ҳам муқаддас, тожу тахт рамзи ҳисоблангани манбаларда қайд қилинган.
1868 йилнинг май ойи Арки аъло тақдири фожиали якун топди. Ўша йил 2 майда Оқ подшо генерали фон Кауфман Самарқандни истило қилиб, Россия империясининг икки бошли бургут акс эттирилган байроғини айнан Кўксаройнинг пештоқига осиб қўйган эди.
Шундан сўнг рус ҳарбийлари аста-секинлик билан Арки аъло ичидаги Кўксарой, Бўстонсарой ва бир неча азиз-авлиёларнинг мақбараларини портлатиб, буларнинг ўрнига ҳарбий қисм, госпитал, қурол-яроқ омборларини қурдилар.
Арки аълонинг Оқ подшо қўшинидан сал-пал омон қолган қисмларини ХХ асрнинг 70-йилларида ўзи хон, кўланкаси майдон бўлган бир амалдор вайрон қилди. У Арки аъло ичида бир неча қаватли янги бинони ўз лойиҳаси асосида бунёд қилдирди. Археологлар унга, бу ерда қурилиш қилиш мумкин эмас, деганида, у олимларни мазах қилиб, кабинетидан ҳайдаб чиқарганини эшитганман.
Самарқандга узоқ-яқиндан келган сайёҳлар кўпинча: “Амир Темур шундай улкан ва қудратли давлатни қаердан туриб бошқарган?” деган ҳақли саволни берадилар. Аммо уларнинг бу саволларига ҳеч ким жўяли жавоб бера олмайди. Арки аълонинг номи бор-у, ўзи йўқ. Бир пайтлар Арки аъло фаолият кўрсатган ерга бирор-бир мармар лавҳа ҳам ўрнатилмаган. Яқинда Самарқанддаги Кўксарой майдонида қурилган бесўнақай бино бутунлай олиб ташланармиш, – деган гап тарқалди. Кўпчилик “Хайрият-эй”, дея хўрсинди. Ҳа, аста-секин Арки аълода қурилган иншоотлар йўқотилиб, Соҳибқирон бобомизнинг бевосита ўз кўрсатмаси билан барпо қилинган табаррук маскан очиқ осмон остидаги музейга айлантирилса, нур устига аъло нур бўларди. Тўғри, Кўксарой билан Бўстонсаройлар энди йўқ, аммо уларнинг улуғвор пойдеворлари сақланган. Бу пойдеворлар ҳам Амир Темур даври меъморчилиги, шаҳарсозлиги ҳақида кўп нарсаларни сўзлаб беради.
Ушбу мақоланинг бошида айтганимиздек, қўрбоши Мирзаполвон бундан 100 йиллар илгари Соҳибқироннинг Кўктошини озод кўришни орзу қилган эди. Бугун Мирзаполвоннинг орзуси ушалган. Полвон бобомиз Кўктошнинг озод бўлиши Амир Темур Ватанининг озод бўлишини англатишини яхши билган.
Амриддин Бердимуродов,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.