Англия ифлос ҳаво исканжасидан қандай қутулган эди?

Бундан 70 йил олдин Лондон бошига ҳозирги Тошкентдаги каби ёмон ҳаво синови келди. 1952 йил декабрда Лондонда об-ҳаво бирданига совиб кетади ва одамлар одатдагидан кўпроқ кўмир ёқиб уйларини иситадилар. 

Урушдан кейинги Британия кўмири сифатсиз бўлиб, таркибида олтингугурт сақларди (иқтисодий сабабларга кўра сифатли кўмир экспорт қилинарди). Шунингдек, Лондоннинг қатор туманларида кўмир билан ишлайдиган электростанциялар қурилган, шаҳарда трамвайдан воз кечилгани учун, автобуслар ва автомобиллар кўпайган ва ҳоказо.

Натижада ҳавода олтингугурт оксиди миқдори ортиб кетади. Аксига олиб шамол ҳам бўлмайди ва қуюк смог Лондон осмонида нақд тўрт кун (4—9 декабрь) сақланиб туради. Туманли Альбион аҳолиси аввалига буни оддий туман деб қабул қилади. Бироқ кўчаларда ҳаракатланиш қийинлашди, смог уйларнинг ичигача кириб борди, театрлар томошаларни тўхтатди (саҳна кўринмай қолди), ҳатто тез ёрдам машиналари юролмади ва беморлар ўзи касалхонага келишга мажбур бўлди... Жума куни бошланган смог сешанба куни тарқади.

Энди ҳаммаси ортда қолди дейишганида тиббиёт статистикаси жиддий ҳолатни намоён қилди. Маълум бўлишича, шу 4 кунда респиратор касалликлардан 4 минг киши ўлган. Уларнинг аксари ёш болалар ва кексалар эди.

Орадан 2 ой ўтгач подполковник Липтон Парламентда нутқ сўзлаб, смог 6 минг кишининг умрига зомин бўлганини айтди. Кейинчалик тиббий текширувлар такомиллашгач, “Буюк смог” 12 минг кишининг ўлимига сабаб бўлгани ойдинлашди. Шунингдек, аҳолининг умумий соғлиғида жиддий из қолди. Смог кунлари Лондонда бўлган ва бўлмаган 1 ёшгача болаларнинг кейинги аҳволи солиштирилганида, Лондондаги чақалоқларнинг астмага чалиниш ҳолатлари 8 марта кўпайгани маълум бўлди.

Марҳумлар сони тирикларни ўйлантириб қўйди ва маълум хулосаларга олиб келди. Аввало одамлар атроф-муҳит, хусусан, тоза ҳавонинг инсонлар саломатлигига нақадар боғлиқлигини англашди.

Ҳукумат янги экологик стандартларни қабул қилиб, сифатсиз ёқилғидан фойдаланишни чеклади, таркибида олтингугурт бўлган ёқилғиларга умуман тақиқ қўйди. 1952 йилдан бошлаб экологик қонунлар қабул қилина бошлади. Хусусан, Лондон Сити қонуни (1954), “Тоза ҳаво тўғрисида”ги қонун (1956) қабул қилинди. Уй эгаларига кўмирдан кўра газдан фойдаланишни рағбатлантирувчи механизмлар ишлаб чиқилди.

Лондонда 70 йиллар олдин бўлган ушбу ҳодисаларда бизнинг ҳозирги аҳволимизга ўхшаш жиҳатлар кўплигини сезган бўлсангиз керак.

Хўш, биз қандай хулоса чиқарамиз? Қонун чиқарувчилар, ижро ҳокимиятидан тортиб оддий фуқарогача нимани ўзгартира оламиз? Масала шунда.

Бизда ҳавонинг ҳозирги ҳолати одамлар соғлиғига қандай таъсир қилгани тўғрисида статистик маълумотар йўқ, бу борада илмий-тадқиқотлар ўтказиляптими ва ўтказилаётган бўлса, натижалари қандай, деган саволга ҳам жавоб йўқ, ҳозирча. Яъни миқёсни билмаймиз, зарарни аниқ баҳолай олмаймиз. Бироқ ифлос ҳаво зарарли эканини исботлаш ҳам шарт эмас.

Сўнгги пайтларда йўтал безовта қилаётган, касал бўлаётган ва ундан узоқ вақт тузала олмаётган одамларни кўп учратяпмиз. Ўзим ҳам умримда алллергия нима эканини билмас эдим, сўнгги йилларда сурункали йўтал билан курашиб келмоқдаман. Шифокорлар ҳам бундай шикоятлар билан мурожаат қилаётган беморлар кўпайганини айтишмоқда.

Янги таҳрирдаги Конституциямизга “экологик ҳуқуқлар” деган тушунча киритилди. Аввал “экологик ҳуқуқ” тушунчаси йўқ эди. Хусусан, 49-моддада шундай дейилган: Ҳар ким қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқига эга.

Давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади. Шаҳарсозлик ҳужжатларининг лойиҳалари қонунда белгиланган тартибда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади.

Давлат барқарор ривожланиш принципига мувофиқ, атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади.

Шаҳноза Соатова (фейсбук).