Апелляция кенгаши – низоларни ҳал этишнинг янги механизми

Мамлакатимизда давлат органлари ва аҳоли ўртасидаги мулоқотни сифат нуқтаи назаридан янги босқичга кўтариш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг муаммоларини ҳал қилишнинг замонавий механизмларини амалиётга татбиқ қилиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 17 июндаги “Низоларни муқобил ҳал этишнинг механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ушбу йўналишдаги ислоҳотлар самарадорлигини оширишда муҳим ҳужжат бўлди.

Мазкур қарор билан қандай янгиликлар амалиётга жорий қилинади? Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг таклифига биноан жорий йилнинг 1 августидан бошлаб эксперимент тариқасида Давлат божхона қўмитаси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳамда Наманган, Бухоро ва Тошкент вилоятлари ҳокимликлари ҳузурида Жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органлари ўртасидаги низоларни судгача ҳал қилиш бўйича апелляция кенгашлари ташкил этилади. Шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ёки мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари (қарорлари) ёхуд ҳаракатсизлиги натижасида ўз ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилганлиги ҳақидаги мурожаатлари апелляция кенгаши томонидан кўриб чиқилиши тартиби ўрнатилади. Мазкур тартиб жисмоний ва юридик шахсларнинг бундай ишлар юзасидан тўғридан-тўғри бошқа ваколатли давлат органларига мурожаат қилиш ҳуқуқини истисно этмаслигини таъкидлаш лозим.

Жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органи ўртасида юзага келадиган низоларни судгача кўриб чиқиш ва хулоса қабул қилиш орқали уларни ҳал этиш, мурожаатни кўриб чиқишда қонун ҳужжатида турлича талқин этилиши мумкин бўлган нормалар аниқланган, у амалиётда нотўғри ёки зиддиятли тарзда қўлланилган тақдирда, уларни белгиланган тартибда расмий шарҳлашни ташкиллаштириш бўйича чораларни кўриш, шунингдек, мурожаатни кўриб чиқишда аниқланган қонун ҳужжатларидаги бўшлиқларни бартараф этиш бўйича таклифлар киритиш Апелляция кенгашининг асосий вазифалари этиб белгиланди.

Абдуқаҳҳор МАЖИДОВ,

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ходими.