АҚШда саримсоқ фестивали вақтида отишма қурбонлари сони аниқланди

Американинг Калифорния штати Гилрой шаҳрида, саримсоқ фестивалида номаълум шахс томонидан ўт очилгандан сўнг, тўрт нафар инсон ҳалок бўлди, 15 нафар шахс жароҳат олди. Воқеа тафсилотларини полиция ходимлари манбасига таяниб Fox News хабар берди.
Аниқланишича, номаълум эркак сим тўсиқни кесиб фестиваль ҳудудига кирган. 17:41 га яқин у отишни бошлаган. У бир дақиқа ичида етиб келган полициячилар томонидан ўлдирилгунига қадар, тўрт кишини ўлдиришга ва 15 га яқин одамни жароҳатлашга муваффақ бўлган.
Воқеа шоҳидларининг гувоҳлик беришича, жиноятчи 30 ёшлар атрофидаги, камуфляж (ҳарбий кийим) шим кийган оқ танли эркак бўлган. У фестивалга ташриф буюрганларни милтиқ билан отган. Гувоҳлар жиноятчи ҳеч кимни нишонга олмаганлигини, ҳар томонга қарата ўқ отганини айтишган.
Воқеа жойида ўнлаб полиция ходимлари иш олиб боришмоқда: улар ҳозирча тасдиқланмаган, жиноятчининг шериги борлиги ҳақидаги маълумотни текширишмоқда.