АҚШда торнадо ва довул қурбонлари сони 22 кишига етди
- 30.05.2024 13:32
- 44
- Хориж
Табиий офат туфайли мамлакатда 400 мингдан ортиқ хонадон электр энергиясидан маҳрум бўлган.
Бу ҳақда Туркиянинг Анадолу ахборот агентлиги хабар бермоқда.
АҚШнинг тўртта штатида кучли торнадо ва довул қурбонлари сони 22 кишига етди. Табиий офат Арканзас, Кентукки, Оклахома ва Техас штатларида юз берди.
Кентукки губернатори Энди Бешер матбуот анжуманида табиий офат оқибатида штатда 5 киши ҳалок бўлганини айтди. Расмийлар, шунингдек, Арканзасда 8, Техасда 7 ва Оклахомада 2 киши ҳалок бўлганини маълум қилди.
Бундан ташқари, мамлакатда 400 мингдан ортиқ хонадон электр энергиясидан маҳрум бўлган.
АҚШ президенти Жо Байден Х ижтимоий тармоғидаги постида табиий офатда ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди.