Арабистонликлар Имом Бухорий мақбарасининг хароблигини кўриб ҳайратланишганди

Кейинги пайтда Имом Бухорий ҳазратлари меросини ўрганишга қизиқиш тобора кучаймоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Пайариқдаги улуғ муҳаддис мақбарасининг таъмирланиши ва бу ерда катта масжид ҳамда зиёратгоҳ бунёд этилгани, мажмуа атрофидаги маҳаллаларнинг ободонлаштирилгани юртдошларимизга фахр бағишламоқда. Ижтимоий тармоқларда мажмуа ҳақида тарқалган лавҳаларни кўриб, муносабатимни билдирмоққа жазм этдим.

Асли самарқандликман. Олий маълумотли журналист сифатида «Иштихон овози» газетасида кўп йиллар ишладим. Сўнг вилоят ёшлар қўмитаси, вилоят партия қўмитасида фаолият кўрсатдим. Кейин ҳаётим Бухоро билан боғланди ва айни пайтда бу қадимий шаҳарда нодавлат-нотижорат ташкилотини бошқаряпман. Имкон бўлди дегунча, оиламиз билан бу қадимий юртдаги обидаларни зиёрат қилиб турамиз. Бу эса бизга руҳий қувват бағишлайди.

…Ўшанда мен вилоят партия қўмитаси тарғибот-ташвиқот бўлимида ишлардим. Арабистонлик меҳмонлар ташриф буюрганда уларни Имом Бухорий мақбараси жойлашган Хартанг қишлоғига бошлаб бориш зиммамга юклатилди. Яширмайман, атеистик нуқтаи назарда камол топганимиз учун уларнинг ҳаракатлари мен учун янгилик эди. Шундай бўлса-да, уларнинг ҳар бир талабини рисоладагидек бажаришга ҳаракат қилдим.

Махсус машинада етиб борганимизда улар ёдгорликнинг аҳволини кўриб ҳайратланишди. Бизнинг эса бу ҳолатга кўзимиз ўрганган. Меҳмонлар чўкка тушиб, тиловатни бошлашди. Сўнг ўрнидан тургач, уларнинг раҳбари менга пул узатди ва аҳолини чақириб, атрофни тартибга келтирувчиларга беришимни сўради. Табиийки, пулни олмадим. Атрофдаги болалар, ёш-ялангдан илтимос қилдим. Улар келиб, мақбара атрофини хас-ҳашакдан тозалашга ёрдам беришди. Зиёрат озроқ чўзилгани учун Пайариқ тумани партия қўмитасига қўнғироқ қилиб, ҳашарчи ташкил этишларини сўрадим. Бироқ улардан «СССР ҳукумати бажара олмаган ишни биз уддалармидик», деган жавобни эшитдим. Умуман, делегацияни кутиб олишга тумандан раҳбарлар келишмади.

Меҳмонлар юракдан зиёрат қилишди, кўзига ёш олганлари ҳам бўлди. Имом Бухорийнинг ҳадисларини ўқиб, бу улуғ зот сиймосига тасаннолар айтишди. Гарчи, юзимга айтмаган бўлса-да, юз-кўзларидан уларнинг ҳафа бўлганини сездим, бу ҳолат ўзим учун ҳам ноқулай бўлди. Меҳмонлар шундан сўнг Бухоро томон кетишди. Идорага қайтиб келганимда вилоят партия қўмитасининг бўлим мудири алоҳида чақириб, ахборотимни эшитди. Ва, бу воқеаларни, гап-сўзларни ҳеч кимга айтмаслигимни тайинлади.

Қаранг, кунлар ўтди, йиллар ўтди, қадриятларимиз, муҳими, Имом Бухорий ўз элига қайтди. Бугун улуғ алломанинг салоҳияти олдида бутун Ўзбекистон таъзимда, бутун дунё таъзимда. Самарқандда ислом дунёси учун чинакам эътиқод тимсоли сифатида мажмуа барпо этилди. Бундай кўркам бино давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бўлаётганлиги ғуруримни оширади. Хусусан, Рамазон кунларида рўзадорлар ҳар бир даврада ана шу савобли иш учун унинг ташкилотчилари шаънига дуолар қилишмоқда. Мен ҳам ўшаларнинг бириман.

Ишонаман, ҳали бу улуғ зиёратгоҳ диндошларимиз учун Каъбадан кейинги табаррук масканга айланади. Бу ерга поездлар, самолётлар қатнови йўлга қўйилади. Чунки халқимиз, дунё аҳли Имом Бухорий мероси, унинг ғоялари ва шахсан ўзининг комиллиги инсоният комиллиги учун муҳим шарт эканлигини англаб етди. Шундай кунларимизга кўз тегмасин!

Раъно СОҲИБОВА, Бухоро шаҳри.