Ариқ бўйларини тартибга келтириш замонавий лойиҳалар асосида амалга ошириляптими?
Оби Машҳад коллектори - Тойлоқ туманидан оқиб ўтадиган Шовдор каналидан ажралиб чиқиб, Самарқанд шаҳрини кесиб ўтади. Унинг умумий узунлиги 15,5 километр бўлиб, Панжакент кўчасидан бошланган 5,4 километри Оби Машҳад деб номланади. Маълумотларга қараганда, илгари ариқда юзлаб булоқлар бўлган.
- Кейинги 30 йил ичида ариқдаги деярли барча булоқларнинг кўзи ёпилиб кетди, - дейди Оби Машҳад маҳалласида истиқомат қилувчи Райим Соҳибов. – Бунга Самарқанд тумани ва шаҳар аҳолиси томонидан ташланаётган оқова сувлар сабаб бўлмоқда. Агар ариқ устига қуриб олинган ноқонуний қурилмалар олиниб, ичи тозаланса булоқлар кўзи очилади. Чунки айрим жойларда ер остидан тиниқ сувларни қайнаб чиқаётганини кўриш мумкин.
Ариқнинг шаҳар ичидан оқиб ўтган қисмида бешта йирик автомобиль кўприги бўлиб, эътиборсизлик оқибатида уларнинг ости чиқиндига тўлиб, сув оқими пасайиб қолган. Айниқса, Зеҳний кўчасидан ўтган кўприк аҳоли томонидан ташланган қурилиш ва маиший чиқиндиларга тўлиб қолган. Ободонлаштириш бошқармаси ишчилари томонидан икки машина чиқинди ташиб олиб кетилди. Мазкур кўчадан Шовот кўчасигача бўлган ҳудудда аҳоли томонидан ариқ устига 5 та уй-жой, 7 та қўшимча бино қуриб олинган.

- Вилоят ҳокимининг ташаббуси билан бошланган тозалаш ишлари туфайли шаҳримиздаги барча ариқлар устида қурилган ноқонуний қурилмалар олиниб, ариқ бўйида уйилиб ётган чиқиндилардан тозаланди, - дейди Самарқанд шаҳар ободонлаштириш бошқармаси таркибидаги каналлар ва коллектор-дренаж тармоқларидан фойдаланиш бўлими бошлиғи Нуриддин Солиҳов. - Айрим хонадон эгалари қўлида ариқ устида қурилиш ишларини олиб боришга рухсат берилган қарорлар бор. Аммо, шаҳар микроиқлимини таъминлаш ва экологиясини асраш мақсадида Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ва прокуратураси томонидан қарорларни бекор қилиш тўғрисида фуқаролик судига протест киритилди. Ҳозирда шаҳар суди томонидан ариқнинг муҳофаза ҳудудида қурилган барча қурилмаларни олиб ташлаш хусусида қарор чиқарилган. Аммо бу қарорлардан иморатлари бузиладиган хонадон эгалари норози бўлмоқда.

Зеҳний кўчаси 6-уйда яшовчи Равшан Вафоев I гуруҳ ногирони. Турмуш ўртоғи ҳам бир неча йилдан бери инсульт туфайли тўшакка михланиб қолган. Тақдир тақозоси билан ҳовлисининг 62 квадрат метри, жумладан, 26 квадрат метр майдонида қурилган ҳожатхона, ҳаммом ва ошхонаси айнан Оби-Машҳаднинг муҳофаза зонасига тушиб қолган. Суд уларнинг ҳовлисига қўшиб олинган ноқонуний ерлар учун чиқарилган қарорни бекор қилган.
Оби Машҳад коллектори ёқасида 87 та қўшимча бино ва иншоот қурилган бўлиб, улар бузилган тақдирда эгаларига 21 миллиард сўмдан зиёд товон пули тўланиши керак бўлади. Бу эса битта ариқ ёқасини тозалаб, ободонлаштириш учун зарур бўлган маблағ. Худди шундай ариқлар сони шаҳарда анчагина.

Самарқанд шаҳридаги Зеҳний кўчаси 8-А уйда яшовчи О.Ким томонидан ариқ бўйидаги 60 квадрат метр жой ўзлаштириб олинган экан. Бир неча йиллар илгари эса шаҳар ҳокимлиги ҳамда шаҳар ер тузиш ва кадастр идораси томонидан расмийлаштирилган. Шунингдек, мазкур кўчадаги 6-уй эгаси ҳам худди шундай ҳужжатга эга. Уларга ҳам суд ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ҳудудларни бўшатиб қўйишлари тўғрисида қарор чиқарилган. Аммо айрим хонадон эгалари бу ишни амалга оширишга шошилмаяпти. Ҳатто шаҳар ҳокимлиги ва ободонлаштириш бошқармаси ишчиларига ариқни тозалашга халақит бермоқда.
- Айрим хонадон эгалари ариқни ўзбошимчалик билан ҳар томондан ўраб олган, - дейди шаҳар ободонлаштириш бўлими ирригатори Шамсиддин Тўраев. – Техникаларимиз ариқ ёқалаб ҳаракатланиши ва тозалашининг иложи йўқ. Маҳалла фаоллари билан уйма-уй юриб тушунтириш ишларини олиб боряпмиз. Ҳатто айримлари суд қарорини ҳам писанд қилмаяпти. Уларга нисбатан жиддийроқ чора кўриш керакка ўхшайди.

Айни шу вақтда бизга ҳамроҳлик қилаётган шаҳар ободонлаштириш бўлими вакилларига Муқимий кўчасидаги айрим хонадон эгалари томонидан белгиланган тартибга риоя қилмасдан, ўз ҳолича ариқнинг икки ёнига бетон ташлаётганлиги ҳақида хабар беришди. Зудлик билан ўша ерга бордик.
Дарҳақиқат, Муқимий кўчаси 52-уйда яшовчи И.Акрамовга тегишли хонадон эгалари ноқонуний қурилмалар олиб ташлангач, Чашма ариғининг муҳофаза зонасига ўзбошимчалик билан бетон ариқ қуришга чоғланаётган экан. Мутасаддилар хонадон эгалари ва қурувчилар билан суҳбатлашиб, ариққа тегишли бўлган ҳудудда қурилиш ишлари олиб бормасликларини, акс ҳолда жарима тўлашларига тўғри келишини тушунтиришди.

- Суд қарорларини ўз вақтида бажарлишини таъминлаш бўлимимиз мутахассислари зиммасига юклатилган, - дейди мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлими бошлиғи ўринбосари Фаррух Иброҳимов. - Айни пайтда худди шундай ҳолат юзасидан 20 дан зиёд ишлар кўрилаётган бўлса, 17 хонадонда белгиланган 15 кун ичида ноқонуний қурилмалари олиб ташланди. Учта ҳовли эгаларига эса энг кам иш ҳақининг 10 баробаригача миқдорда жаримага тортилди.
Айни пайтгача Самарқанд шаҳрида юзлаб хонадон эгаларига ноқонуний қурилмаларини ўз вақтида олмаганлиги учун жарималар солинди.
Мазкур кўчадаги 1-боши берк кўча 2-уй ҳамда Кичик Мароқанд кўчаси 26-уй соҳиблари ҳам ариқнинг устига уй қуриб олишган. Суд бу биноларни бузишга қарор чиқарган. Аммо улар суд қарорига норозилик билдириб, қайта кўриб чиқишларини сўрашмоқда.

- Ариқларимиз тозаланаётгани яхши, - дейди Устозлар маҳалласи фаоли Ф.Мансуриён. – Аммо, ариқ ёқасидаги қайта қуриш ишлари маълум бир лойиҳа асосида олиб борилмаяпти. Бу эса яна ариқ муҳофаза ҳудуди қисқариб кетишига сабаб бўляпти.
- Ариқлар очилиб, тозалаш ишлари олиб борилгач, шу ҳудуддаги хонадон эгалари яна кўприк ва бетон лотоклар ўрнатишмоқда, - дейди Н.Солиҳов. - Бунга ободонлаштириш бўйича ягона лойиҳа бўлмаганлиги сабаб бўлмоқда. Аниқ бир лойиҳа бўлса, хонадон эгалари шунга қараб, девор ва бошқа қурилмаларини тартибга олишлари мумкин.
Дилмурод ТЎХТАЕВ,
«Зарафшон» мухбири.