Армиядаги ҳангома: Аскарча салом
Камина олийгоҳни битириб, бир неча йил ишлагач, "кексайганимда" армия ҳаёти билан қизиқиб қолдим. Аризам ҳам дарров қабул қилиниб, кўз очиб юмгунча ўзимни ҳарбийлар орасида кўрдим.
Кўрдиму хаёл-паёл қочиб кетди – бутунлай бошқа дунё. Хизматнинг биринчи куниданоқ шошиб қолдим. Гуруҳ командири ҳам, взвод командири ҳам энг биринчи бўлиб қулоғимизга қуйган нарса – ҳарбийча саломлашиш бўлди. Ҳарбийча саломлашишни билмаслик энг катта шармандалик экан.
– Бу – армия! Бу ерда "ассалом", "хўжайин, яхшимисиз", "саломатмилар" деган гаплар кетмайди, – деди гуруҳ командири.
– Ўзингдан унвони юқори турадиган ҳарбийни кўрдингми, қўлингни чаккангга қўйиб "чест" берасан, аскар, эсингдан чиқмасин! – деди взвод командири.
– Бу ерда фақат бир хил салом берилади: "Саломатлик тилайман, ўртоқ майор, лейтенант каби..." унвонини айтасан!
Хуллас, кечгача шуни англаб етдимки, ҳарбийча саломлашиш – бу ҳаётнинг энг муҳим шартларидан бири экан...
– Подём!!!
Хизматдаги биринчи тонг қулоғим остида гумбурлаган мана шу сўз билан бошланди. Барча аскарлар сакраб туриб, беш сония ичида кийинишгач, сафга югуришди. Ортиқча вазн, эрталабки лоҳаслик, умуман, ўша вақтларда эрта туришга одатланмаганим шу ерда панд бериб, сафга кечикдим. Не кўз билан кўрайки, қисмнинг барча аскарлари сафга тизилган. Уларга қўшилиш учун командирларим ёнидан ўтиб боришим керак.
Аксига олиб рўпарамда келбатли икки полковник (кейин билсам, улардан бири батальон командири, иккинчиси марказий ҳарбий округдан келган комиссия вакили экан) турибди. Уларнинг ёнидан қандай ўтиш керак, кеча ҳарбийча саломлашиш ҳақда айнан нима дейилган эди? Шу ўйлайман, қани хаёлимга келса. Ўйлаб ўтиришга вақт йўқ, ҳамманинг кўзи менда. Хуллас, қўлимни кўксимга қўйиб, қироат билан қўйвордим: "Ассалому алайкум!".
Батальон командирининг кўзидан ўт чиқиб кетди, гуруҳ командири ва взвод командирлари шолғомдай қизариб қолди. Умуман, ҳеч ким нафас ҳам олгани йўқ. Икки мингта кўз менга қараган. Марказий ҳарбий округ вакили эса худди ўзга сайёраликни кўргандай бироз каловланиб тургач, қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди: "Ваааалайкум ассалом. Соғ-саломат юрибсизми, уйдагилар, қон-қариндошлар, ҳамма яхшими? Э, яшааанг!". Шу ондан бошлаб, мени ҳамма таниб қолди, айниқса бошлиқлар...
Комиссия кетгач, батальон командирининг мени чақирган овозидан деворлар қимирлаб, назаримда, шифтдан ҳам бир парча тупроқ ўпирилиб тушди:
– Аскааааар!!!
Ўша куни менга берилган интизом чораси (наряд), умуман, тонг саҳардан бажариладиган жисмоний чиниқиш машқлари, ўқув машғулотлари ва қатъий тартиб – мени кун санашга мажбур қиларди. Аммо буларнинг ҳаммаси илк таассуротлар экан. Тез орада жисмоний машқлардан роҳатланадиган, ўқув ва маънавий тайёргарлик соатларини кутадиган бўлиб қолдим. Ана шундай дарслардан бирида "таниш" полковниклар яна келиб қолишди. Мен билан боғлиқ таассуротларини унутишмаган шекилли, сиёсий харита олдига бориб, савол-жавобни, табиийки мендан бошлашди. Тўғри, ўша вақтлар менинг шошиб қоладиган одатим бор эди, аммо билим масаласи бошқа, ёшликдан билимга чанқоқман. Командирларнинг кетма-кет берилган саволларидан бирортаси жавобсиз қолмагач, "комбат" келиб елкамдан ушлади:
– Молодец! Хато қилмаган аскар аскарми?! Армияда “калла” ҳам керак.
Батальон командирининг мақтови кимга ёқмайди, дейсиз? Кўп ўтмай армия менга уйимдай бўлиб қолди. Кунлар сувдай оқиб ўта бошлади. Ҳарбий ҳаётга шунчалик ўрганиб кетдимки, хизматнинг сўнгги куни келганини сезмай қолибман.
Қасамёд қабул қилиб, қўлимга ҳарбий билетни олгач, мен учун хизмат тугаганини тушундим. Кимга рост, кимга ёлғон – армиядан кетаётганимга ичимдан бир нима узилгандай бўлди.
Собиқ аскар дафтаридан.