Артур Таймазов Владикавказдаги ўзбек талабаларига ёрдам кўрсатди

Ўзбекистон терма жамоаси собиқ аъзоси, эркин кураш бўйича кўп карра Олимпиада ва жаҳон чемпиони Артур Таймазов ҳам хайрли ишга қўл урди.

Cпортчи Россия Федерациясининг Владикавказ шаҳридаги Шимолий Кавказ тоғ-металлургия институтида таҳсил олаётган ва ўша ердаги ётоқхонада қолган ўзбек талабаларига ўз ҳисобидан озиқ-овқат маҳсулотларини тақдим қилди, деб хабар берди Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.

- Бу ётоқхонада 100 нафарга яқин ўзбекистонлик талаба ҳам истиқомат қилади. Ўзбекистон менинг иккинчи Ватаним, мен севадиган давлат эканлигини ҳамма билади. Менинг бутун спорт фаолиятим Ўзбекистон билан боғланган. Мен бу ажойиб мамлакатни, ўзбек халқини ёқтираман. Шундай экан, бу йигитларнинг ҳаётини эътиборсиз қолдириб кетиш нотўғри бўлар эди. Агар бизнинг яқинларимиз ҳам Ўзбекистонда шундай қолиб кетишганида, шак-шубҳа йўқки, бу халқ уларни эътибордан четда қолдирмас эди, - деди Артур Таймазов.