Аскарнинг бир куни

– Армия йигит кишининг мард ва жасур бўлиб шаклланишида шижоат ва матонат мактаби экан, – дейди Наманган вилоятидан келган оддий аскар Шаҳбоз Ҳомидов. – Буни яқинларимдан узоқда яшаб, улар меҳрини ҳис этганимда тушундим. Эгнимизга ҳарбий либос кийдикми, демак, биз ота-она ва давлатимиз ишончини оқладик. Бир йиллик ҳарбий хизматим давомида бу касбга меҳрим ошди, шу боис шартнома асосида хизматимни давом эттирмоқчиман. 

Ватан олдидаги бурчини шараф билан адо этаётган аскарларнинг айтишича, ҳарбий хизматчилар кунни "Аскар, уйғон!" сўзи билан бошлайди. Тонгги жисмоний машқдан сўнг хона ва ётоқ тартибга келтирилади. Эрталабки кўрик ўтказилади, унда аскарларнинг ҳарбий либоси, шахсий гигиенаси ва саломатлиги текширилади. Нонуштадан кейин қисқача саф кўриги машқлари бўлади, жанговар ҳолатни ошириш мақсадида қўшиқ айтилади. Махсус белгиланган хоналарда амалий-назарий машғулотлар давом эттирилади. Тушликдан кейин оммавий спортга жалб қилинади. Маданий ҳордиқ вақтида бадиий кечалар, концерт дастурлари ва қизиқарли мусобақалар уюштирилади. Кечки овқатдан сўнг аскарлар, ҳар бир қаватда телевизор орқали мамлакатимизда ва жаҳонда юз бераётган воқеа-ҳодисалар, янгиликлардан хабардор бўлади. Улар кечки сайрдан баҳра олгач, йўқлама ўтказилиб, тунги уйқуга ётилади.
– Хизматим давомида бу ердаги тартиб-интизом орқали вақт қадрига етишни ўргандим, – дейди фарғоналик оддий аскар Хушнуд Азимов. – Шу сабабдан мен ҳам хизматимни давом эттирмоқчиман. 

Ҳарбий қисмда бир йиллик ҳарбий хизматчилар қатори Навоий вилояти ёшлари ва самарқандлик сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматчилар ҳам хизмат бурчини адо этмоқда. Улар учун кунлик режа асосида машғулотлар ўтказилмоқда. 
– Болалигимдан ҳарбий либос кийишни орзу қилардим, – дейди Пайариқ тумани Хўжа Исмоил маҳалласидан келган Шоҳруҳ Бурхонов. – Бугун ана шу мақсадим рўёбга чиққанидан хурсандман. Чунки Ватан ҳимоячиси, деган юксак шарафга муяссар бўлиш эр йигитнинг муқаддас бурчидир. 

– Миллий армиямиз сафида йигитлик бурчини ўташ менга ҳам насиб этганидан беҳад шодман, – дейди Навоий вилояти Навбаҳор туманидан келган Суннатулло Ҳусанов. – Қисқа муддатдаги хизматим давомида Самарқанддан дўстлар орттирдим. Албатта, бу ерда олган билим ва кўникмаларимиз ишимизда асқотади. 
Халқаро ташкилотлар томонидан чоп этилаётган ҳисоботларда Ўзбекистон Қуролли Кучлари энг яхши армиялар қаторида эътироф этилади. Хусусан, Global Firepower экспертлари ўтказган тадқиқотга кўра Ўзбекистон армияси дунёнинг энг кучли 50 армияси рўйхатига киритилган ва бу билан Марказий Осиёдаги энг қудратли ҳарбий держава номига сазовор бўлган.

Ҳусан ЭЛТОЕВ.