“Авиценна ворислари”: Халқаро олимпиадада самарқандликлар ғолиблар сафида

Бухоро шаҳрида мамлакатимизда илк бор “Авиценна ворислари” номли халқаро талабалар жарроҳлик олимпиадаси ўтказилди.
Беш кун давом этган синов жараёнларида Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғистон давлатидан келган жами 16 та жамоа иштирок этди.
Олимпиада аввалида мамлакатимизнинг ҳамда қўшни давлатларнинг нуфузли тиббиёт даргоҳлари профессор-ўқитувчилари, тажрибали жарроҳлари иштирокида халқаро форум ҳам ўтказилди, жарроҳликнинг янги, замонавий йўналишлари масалалари муҳокама этилди.
- Шу пайтга қадар мамлакатимизда тиббиёт йўналишида таҳсил олаётган талабалар орасида уларнинг назарий билиминигина баҳолайдиган олимпиадалар ўтказиларди, - дейди Самарқанд давлат тиббиёт университети хирургик касалликлар кафедраси мудири, тиббиёт фанлари доктори Санжар Рўзибоев. – Ваҳоланки, бугун халқаро тажрибалардан маълумки, бўлғуси шифокорлар талабалик давриданоқ бу йўналишда маълум билимга ва кўникмаларга эга бўлиши, таълим даргоҳини тугатганда шифокор сифатида иш бошлаши лозим. Шу нуқтаи назардан талабалар учун ўтказилаётган ушбу олимпиада фақат синов эмас, чин маънода маҳорат мактаби бўлди. Университетимизнинг 5-6 босқичларида таҳсил олаётган 22 нафар талаба олимпиадада жарроҳлик, реанимация, анестезиология йўналишларида ўз билим ва малакаларини намойиш этди. Самарқанд давлат тиббиёт университети талабалари реанимация, анестезиология бўйича танловнинг барча йўналишларида ғолибликни қўлга киритди.
Шунингдек, жарроҳлик йўналишида жигар, буйрак трансплантацияси, лапороскопик хирургия, жигар ва ўт йўллари хирургияси бўйича берилган топшириқларни ҳам аъло даражада уддаладилар. Танлов якунига кўра самарқандлик талабалар танловнинг 9 та йўналишида мутлақ ғолибликни қўлга киритди.