Автобуслар етишмайди, автостанция ва бекатларда муаммолар бор

Автобуслар етишмайди, автостанция ва бекатларда муаммолар бор

Вилоят аҳолисига 414 та жамоат транспорти хизмат кўрсатмоқда. Шундан Самарқанд шаҳрида рўйхатдан ўтган 351 та автобусдан 221 таси шаҳар автобус йўналишларида ҳаракатланади. Бироқ бу кўрсаткич Самарқанд шаҳри учун талаб қилинадиган автобусларнинг 44,2 фоизини ташкил қилади, холос. Туманларда ҳам автобуслар етишмайди, Нуробод, Оқдарё ва Тойлоқ туманларида рўйхатдан ўтган бирорта ҳам автобус мавжуд эмас.

Бу рақамлар вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи Равшан Тожиев иштирокида жорий йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишлар, тизимдаги муаммо ва камчиликларга бағишланган матбуот анжуманида айтилди.

- Вилоятда 17 та автостанция ҳамда 1422 та автобус оралиқ бекати мавжуд, - дейди Р.Тожиев. - Автостанциялар тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлса, 1033 та бекат автомобиль йўллари бошқармаси балансида, 389 таси тадбиркорлик субъектларига қарашли. Мазкур бекат ва автостанцияларнинг ҳолати ўрганилганда бир қатор камчиликлар аниқланди. Жумладан, меъёрий-техник стандартларга асосан, автобус оралиқ бекатлари йўловчиларни тушириш-чиқариш майдончаси, автобуслар кириш ва тўхташ қисми, пиёдалар кириш ва чиқиш қисми, йўл белгиси, айвон, ўриндиқлар, ногиронлар учун чиқиш-тушиш йулакчаси (пандус), чиқинди қутиси ва ахборот кўрсаткичлари каби элементлар билан жиҳозланиши белгиланган бўлса-да, аксарият бекатларда юқоридаги талабларнинг деярли бирортаси бажарилмаган.

Иштихон туманидаги “Автосервис Иштихон” МЧЖга қарашли “Иштихон”, “Сухроб авто транс” МЧЖга қарашли “Митан” автостанциялари томонидан бу борада ҳеч қандай иш қилинмаган. Пахтачи туманидаги “Пахтачи Ташкилий Авто” МЧЖга қарашли “Зиёддин” автостанциясида эса жамоат транспортига чиқиш перронлари меъёрий-стандартларга жавоб бермайди ҳамда автобуслар кириб-чиқадиган учун йўлаклар таъмирталаб. Нарпай туманидаги “Самарқанд Идеал Сервис” МЧЖга қарашли “Мирбозор” автостанцияси ҳудуди эса чиқиндилардан тозаланмаган, ногиронлиги бўлган шахслар учун шароит яратилмаган, ҳудудга кириш ва чиқишда хавфсизлик чоралари кўрилмаган.

Пайариқ туманидаги “Оттава КАН” МЧЖга қарашли “Пайариқ” автостанцияси Президентимизнинг 2022-йил 12-июлдаги “2022-2026-йиллар давомида амалга оширилиши мўлжалланган “Хавфсиз ва равон йўл” умуммиллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига асосан реконструкция қилиш режалаштирилган бўлса-да, бу иш амалга оширилмасдан қолган. Айни пайтда тизимдаги муаммо ва камчиликларни бартараф қилиш борасида масъул ташкилот раҳбарларига топшириқлар берилган ва амалий ишлар олиб борилмоқда.

Янги йўналишлар очилган

Матбуот анжуманида туманларда аҳолининг жамоат транспортига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида бир қанча янги йўналишлар ташкил этилгани маълум қилинди. Жумладан, 346-рақамли “Мирбозор АББ – Дўстлик маҳалласи – Мирбозор АББ” шаҳар атрофи автобус йўналиши, 323-сонли “Жума АББ-Чархин қўрғони-Гулобод Эко Агрологистика бозори”, 454-рақамли “Мани қишлоғи – Хўжа Исмоил маҳалласи – Челак шаҳри – Пайариқ АББ”, 455-рақамли “Ғаллакор маҳалласи – Пайариқ АББ” ҳамда 464-сонли “Эсабой маҳалласи (43-мактаб)-Жума АББ” йўналишли такси йўналишлари ташкил этилиб, йўловчиларга хизмат кўрсатмоқда.

Шаҳар автобуслари брутто-шартномаси бўйича ишлаш тизимига ўтмоқда

Президентимизнинг 2023 йил 16 февралдаги «Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, Самарқанд шаҳрида мунтазам шаҳар автобус йўналишида чекланган тарифлар бўйича йўловчилар ташишни брутто-шартнома асосида ташкил этиш ва молиялаштириш тизимининг босқичма-босқич ишга туширилиши режалаштирилган. Қарор ижросини таъминлаш мақсадида Самарқанд шаҳар автобус йўналишлари тендер танловларига чиқарилиб, етти йўналишда “Мароканд транс 777” МЧЖ ғолиб деб топилди ва брутто-шартномаси тузилган.

- Брутто-шартнома тизими ташувчи корхона ва назорат қилувчи орган ўртасида тузилади, - дейди Равшан Тожиев. - Бунда ташувчига корхонага жамоат транспортига қўйилган талабларни, яъни йўналиш чизмасига тўлиқ риоя қилиш, йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатиш, оралиқ интервалга амал қилиш, иш бошланиши ва тугаши тартибини бажариш вазифаси юклатилади. Шунингдек, шаҳар автобус йўналишларини мониторинг ва назорат қилиш учун ташкил этилган “Самарқанд йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш” давлат муассасаси “UzBusMonitoring” (IVMS) ахборот тизими кузатув ишлари олиб бормоқда. Кузатилаётган тирбандликларни ҳисобга олган ҳолда жамоат транспортига устунлик бериш мақсадида Самарқанд шаҳрининг Абу Али ибн Сино, Бўстонсарой кўчаларида ҳамда Университет хиёбонида автобуслар учун алоҳида тасма ташкил этилган. Яқинда шаҳарнинг Гагарин кўчасида ҳам автобуслар учун алоҳида тасма ташкил қилиш режалаштирилган.