Автомобиль сигнали Европада ҳайвонлар учун чалинади

Яқинда "Ўзбекистон" телевидениесида “Муносабат” ток-шоусининг йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш мавзусига бағишланган сонини кўрдим. Унда тараққий этган мамлакатларда бўлиб қайтган бир мутахассис автомобилнинг сигнали биз ўйлагандек пиёдалар учун эмаслигини айтиб қолди. Масалан, Европада йўл юзига чиқиб кетган ҳайвонларни йўлдан ҳайдаш учун сигнал чалинар экан.
Афсуски, шаҳарми, қишлоқми, фарқи йўқ, бизда ҳайдовчилар сигнални пиёдалар учун ишлатади. Инсонга Яратган идрок, фаросат, илм берган. Шунчаки, уни ўрганиши, амалда қўллаши керак.
Пиёдалар ҳам йўл белгиларига онгли равишда амал қилиши лозим. Шунда уни ҳайдовчи сигнал чалиб, огоҳлантиришига ўрин қолмайди. Аммо баъзида ҳайдовчилар ҳам бўлар-бўлмасга сигнал чалавериши керак эмас. Масалан, кўпчилик машина эгалари пиёдалар ўтаётган пайтда ҳали яшил чироқ ёнмасидан уларни шоширади, махсус белгиларда пиёдаларни ўтказиб юбормайди. Бундай беписандлик ҳайдовчиларнинг бир-бирига муносабатида ҳам кўринади. Светофорда сариқ чироқ ёниши билан ўзидан олдинда турган ҳайдовчини юришга ундаб, шошқалоқлик қилиб, киши асабига тегар даражада сигнал босавериши айниқса, жуда хунук ҳолат.
Менимча, бу каби ҳолатлар шу юртда яшовчи кишиларнинг бир-бирига муносабатини, ўзаро ҳурмат-иззат қай даражада эканини кўрсатади. Ҳайдовчи ва пиёда бир-бирига ҳурмат билан муносабатда бўлса, тушунмовчиликлар, энг муҳими, йўл-транспорт ҳодисалари, йўлларда ўлимлар сони бугунгидай фожиали тарзда ошиб кетмасди.
Файзулла Исмоилов.