Автомобилларга техник хизмат кўрсатиш устахонасида учта автомашина ёниб кетди

Кеча, 28 ноябрь куни соат 05:59 да Сирдарё вилояти Гулистон шаҳри, Намуна маҳалласининг Бунёдкор кўчасида жойлашган, якка тартибдаги тадбиркор Б.Жумабоевга тегишли автомобилларга техник хизмат кўрсатиш устахонасида ёнғин бўлаётганлиги ҳақида ёнғин-қутқарув хизматига хабар келиб тушган.

Ўзбекистон Республикаси ФВВ ЁХББ ОАВ билан ҳамкорлик қилиш бўлинмаси хабарига кўра, воқеа жойига 2 та ёнғин ўчириш бўлинмалари жалб этилган. Бўлинмалар кўрсатилган манзилга 3 дақиқада етиб борган ва ёнғин соат 06:07да ўраб олиниб, соат 06:34да тўлиқ бартараф этилган.

Ёнғин ўчирувчиларнинг тезкор ҳаракатлари натижасида ёнғиндан устахона биносининг 100 квадрат метр майдони сақлаб қолинган ва қўшни биноларга аланга ўтиб кетиши олди олинган. Ҳалок бўлган ва тан жароҳати олганлар йўқ.

Ёнғин оқибатида устахона ички қисмининг 30 квадрат метр майдонида ва ичида бўлган таъмирлашга олиб келинган 3 та енгил автомобил - фуқаро Ш.Ю.га тегишли “Лассети”, фуқаро Х.М.га тегишли “ВАЗ 21-011” ҳамда фуқаро О.Б.га тегишли “ВАЗ 2106” тўлиқ ёнган. Ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.