Автомобилни ижара бериш тартиби соддалаштирилди

Президент томонидан «Фуқароларнинг ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун имзоланди.

Эндиликда, автомототранспорт воситалари электрон савдо платформаси воситасида электрон онлайн-аукцион орқали ижарага берилганда ижарага бериш шартномаларини нотариал тартибда тасдиқлаш талаб этилмайди. Бунда, электрон онлайн-аукцион натижаларига кўра расмийлаштирилган баённома ижара шартномаси кучига эга булади. Қўшимча ФКнинг 565-моддасига киритилди.

«Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида»ги қонуннинг 9-моддасининг биринчи қисми олтинчи хатбоши билан тўлдирилди.

Эндиликда, ССП хўжалик шартномалари доирасида юзага келадиган енгиб бўлмас куч (форс-мажор) ҳолатларини тасдиқлайди, бундан ташқи савдо битимлари ва халқаро шартномалар шартларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида юзага келган енгиб бўлмас куч (форс-мажор) ҳолатлари мустасно.