Автосалон шартнома шартларини бажармагани учун фуқарога 12 миллион сўм пеня тўлади
“Дамас” жуда рўзғорбоп машина. Соҳибжон анчадан бери уни харид қилишни орзу қиларди. Ҳам хонадонига, ҳам ишига асқотади. Имкон туғилгач, йиққан пулларини белга боғлаб, бир қарорга келди. Шу мақсадда “Самарқанд автосавдо” МЧЖга келиб шартнома тузиб, 62.812.000 сўм тўлаб кетди.
Шартнома шартларига кўра, ҳаш-паш дегунча айтилган муддат етиб келди. Хабар беришар, чақиришар деб ўйлаганди. Негадир ҳеч ким хабар бермади. Автосалонга қатнайвериб, салкам икки ойни ҳам ўтказиб юборди, бироқ машинадан дарак бўлавермади. Охир-оқибат яқинларининг маслаҳати билан Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясининг 10-91 ишонч телефонига мурожаат қилди.
Ташкилот мутасаддиларининг аралашуви билан ушбу муаммо ижобий ҳал этилди. Яна ҳам қизиғи, шартнома шартлари автосалон томонидан бузилгани, автомашина ўз вақтидан кечиктириб юборилгани учун (57 кун) амалдаги қонун талабларига кўра, пеня ундириш мумкинлиги ҳақидаги таклиф Соҳибжонни яна ҳам қувонтириб юборди.
Жорий йилнинг 6 август куни бўлиб ўтган фуқаролик ишлари бўйича, Самарқанд шаҳар судининг очиқ суд мажлисида мазкур иш кўрилиб, суд истеъмолчи фойдасига ҳукм чиқарди. Суд қарорига кўра, “Самарқанд автосавдо” МЧЖ шартнома шартларини бажармагани, шартнома муддатини 57 кун кечиктириб юборгани учун фуқарога 12.562.444 сўм миқдорда пеня тўлайдиган бўлди.
Гулчеҳра Бердиёрова.