Аёл кишининг қўл ва оёқларини скотч билан боғлаб, турли жароҳатлар етказган шахс ушланди

Жорий йилнинг 5 май куни соат 20:15 ларда Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани, 2-ИИБнинг навбатчилик қисмига фуқаро Д.П. мурожаат қилиб, Мирзо Улуғбек тумани Ц-1 мавзесида яшовчи А.Х. хонадонидан шубҳали шовқин-суронли овозлар эшитилаётганлиги ҳақида хабар берган.

Юқоридаги ҳолат юзасидан зудлик билан воқеа жойига етиб борган Тошкент шаҳар ИИББ ППХ бригадаси 1-батальон, 1-отряди ходимлари сафдорлар Ш.Тохиров ва С.Комоловлар жабрланган фуқаро яшовчи уйнинг кириш-чиқиш йўлагидан югуриб чиқиб, ходимларни кўриб воқеа жойидан яширинишга ҳаракат қилган шахсни ушлашган.

Туман 2-ИИБ жиноят қидирув бўлимида унинг шахсига ойдинлик киритилганда, у Тошкент шаҳар Учтепа тумани, Пешқадам кўчасида яшовчи Я.А. эканлиги ҳамда муқаддам Жиноят кодексининг 273-моддаси билан жиноий жавобгарликка тортилганлиги аниқланган.

Ходимлар юқорида кўрсатилган манзил бўйича уйга киришганда, у ерда яшовчи Х.М. оғзи, қўли ва оёқлари скотч билан боғланган ҳолда танаси ва юзидаги турли жароҳатлар билан топилган ва биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган.

ИИВ ахборот хизмати хабарига кўра, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда.