Аёлга муҳаббат – ҳаётга муҳаббат

Аёлни гулга қиёсласак арзийди. Чунки гулнинг оламда тенги бўлмаганидек, аёлнинг ҳам дунёда қиёси йўқ. У меҳрибон рафиқа, яхши ходима, муаллима, ҳамшира, сўзи ўткир журналист, тадбиркор, энг муҳими – Аёл. 
Она - ҳар бир инсоннинг қалб гавҳари, нури дийдаси. Ҳаётда энг яқин суянч, сирдош, елкадош ҳам Онадир. Қабардин шоири Олим Кешоков аёлга қарата: «Агар мен тоғ бўлсам, сен тонгги шафақсан», деган экан. Ахир тонгги шафақ туфайлигина тоғ чўққиси виқорли кўринади-да!

Аёл бу – гўзаллик тимсоли. У ўзининг латофати ва идроки билан дунёни кафтларида тутиб туриши мумкин. Аёлдаги ирода ва сабр-бардош улкан қояга, унинг кўнгли эса нозик ниҳолга қиёсланади. Аёлнинг топгани ҳам, топинадигани ҳам фарзанди. Бола кўтарган аёл эса бутун оламни бағрига олган билан баробар. 

- Мен рассом сифатида бундан ортиқ гўзал ва тиниқ манзарани тополмасам керак, - дейди каттақўрғонлик таниқли мусаввир, санъат арбоби Бахтиёр Тўраев. – Фарзандини эмизаётган она дунёдаги тугал бахтнинг тимсоли бўлиб кўринади. Фарзандини бағрига босиб турган аёл тинчлик барқарор бўлишини тилаётган, осойишта ҳаёт, сокинлик учун бетиним шукрона айтаётган муқаддас зот, фариштадай хилқатдир. Ҳамма ҳавас қилгудек оилам, комил фарзандларим бўлса, элимда доимо тинчлик, элдошларимда оқибат барқарор бўлса, деб ният қилади. Дунё дунё бўлиб яралибдики, аёллар ҳурмат ва эъзозда, эътибор марказида бўлиб келишган. Чунки улар нафақат бугунги кунимизнинг мазмуни, балки эртанги кунимиз давомчилари, келажак авлод яратувчиларидир.
Азалдан Шарқ аёлларининг меҳри, ибоси, садоқати, фидойилиги ўзгача бўлган. Шунинг учун ҳам Шарқда оилада қиз туғилса, миллат туғилди, миллатнинг келажаги туғилди, деб ифтихор қилинади.

Абдуазиз ҲОШИМОВ.