Айрим беморларга дорихоналарда бепул дори-дармон берилади

Самарқанд шаҳар марказий шифохонасидаги маслаҳат диагностика бўлимида давлат тиббий суғуртасининг мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилишга қаратилган семинар ташкил этилди.

Унда Республика давлат тиббий суғуртаси жамғармаси масъуллари, шаҳардаги барча оилавий поликлиникалар ходимлари, журналистлар ва блогерлар иштирок этди.

- Давлат тиббий суғуртаси – бу аҳолини кафолатланган бепул тиббий хизматлар билан таъминлашга қаратилган давлат дастуридир, - дейди жамғарманинг матбуот хизмати раҳбари Сайёра Шоева. - Ушбу тизим асосида фуқароларга “Кафолатланган пакет ҳажм” доирасида шошилинч ёрдам, терапевт ва бошқа мутахассислар қабуллари, текширувлар, жарроҳлик амалиётлари, дори-дармон билан таъминлаш ва реабилитация хизматларидан фойдаланиш имкониятлари яратилади.

Дастлаб давлат тиббий суғуртаси 2021 йилда Сирдарё вилоятида синов тариқасида жорий этилди. Сўнгра йиғилган тажриба ва таҳлиллар асосида 2024 йилда Тошкент шаҳри ва бошқа ҳудудларда ҳам босқичма-босқич ишга туширилди.

Бу хизматлардан фойдаланиш учун фуқаро доимий рўйхатда турган оилавий шифокор (поликлиника) орқали тиббий хизматга мурожаат қилади. Муҳими, суғурта автоматик жорий этилади, фуқаролардан ҳеч қандай ариза бадал ва бошқа тўловлар талаб этилмайди. Аммо оилавий шифокор билан доимий алоқада бўлиш тавсия этилади. Мураккаб ҳолатларда мутахассисга электрон йўлланма берилади. 

Содда қилиб айтганда, давлат тиббий суғуртаси — фуқаронинг соғлиғини давлат томонидан ҳимоя қилиш тизими ҳисобланади, яъни суғурта орқали аҳоли бепул ёки арзонлаштирилган тиббий хизматлардан фойдаланиши мумкин. Бунда давлат ҳар бир инсоннинг соғлиғини кафолатли ҳимоя қилади ва тиббиёт тизимини молиялаштиради. 

Семинарда Реимбурсация дастури ҳақида ҳам малумот берилди. Реимбурсация – инглизча сўз бўлиб, “харажатларни қоплаш” маъносини англатади. Яъни, сурункали касалликларга қарши дори воситалари учун давлат томонидан харажатларни қоплаш тизимидир. Бунда аҳолига 7 турдаги касаллик учун 28 турдаги дори воситалари электрон рецепт орқали бепул тақдим этилади. Масалан, сурункали касаллик билан оғриган беморга шифокор электрон рецепт ёзади ва жамғарма билан шартнома қилган дорихоналарга боришини айтади. Бемор шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан ўша дорихонага мурожаат қилади ва дори воситаларини бепул олади. 

Семинар якунида самарқандлик шифокорлар тизим бўйича ўзларини қизиқтирган саволлар билан мутахассисларга мурожаат қилди ва тегишли жавобларни олди.

Тўлқин Сиддиқов,

Бахтиёр Мустанов (фото).