Айрон мавсуми: бу ичимликнинг фойда, зарари нимада?

Бугунги кунда дўконлардаги мўл-кўлчилик бизга илгари фақат хонадонларимизда тайёрланиб, оила дастурхонига тортиладиган айроннинг турли хилларини сотиб олиш имконини бермоқда. Марказий Осиёда, айниқса, Ўзбекистонда машҳур бу ичимликнинг фойда ва зарарлари нимада?

Айрон юрак-қон томир тизими фаолиятини яхшилайди. Қон томирларда тромб шаклланиши ҳамда атеросклероз ривожланишига тўсқинлик қилади. Бу дармондориларга бой ичимлик қондаги холестерин даражасини пасайтиради.

Азалдан айрон узоқ умр ичимлиги сифатида шуҳрат қозонган. Бунга айроннинг ичак микрофлорасини тиклаши, ошқозон фаолиятини яхшилаши, қон томирларини мустаҳкамлаб, иммунитетни ошириш хусусиятлари сабаб бўлса керак.  Шунингдек, айрон мия ва нафас олиш тизимини яхшилаш, танадан зарарли токсинларни чиқариб ташлаш, меъда шираси ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва иштаҳани яхшилаш, танадаги шишларни бартараф этиш, суяк тўқимасини мустаҳкамлаш каби вазифаларини ҳам ўтайди.

Бурун бўшлиғи ва томоқдаги антисептик хусусиятлари туфайли уни шамоллаш, грипп ва жигар касалликларида, метаболизм, ортиқча вазн, қон босимининг ошиши, анемия, заҳарланиш, остеопороз билан боғлиқ муаммоларда истеъмол қилиш яхши натижа беради.

Эркаклар ва аёллар саломатлиги учун айроннинг ўзига хослиги.

Мунтазам айрон истеъмол қилиш эркаклар ва аёллар саломатлигига ижобий таъсир кўрсатади. Қон томири деворларини мустаҳкамлаши ва холестерин даражасини пасайтириши эркакларда юрак хуружлари ва қон томирлари касалликлари хавфини камайтиради.
Аёлларга эса айрон ҳайз пайтидаги ноқулайликлардан халос бўлишга ёрдам беради ва ошқозон-ичак фаолияти бузилганда гормонларни тартибга солади.

Айрон руҳий зўриқиш таъсирини камайтиради, чарчоқни енгишга ёрдам беради. Ҳеч кимга сир эмаски, ёш ўтиши билан инсон суяклари мўртлашади, ҳар бир йиқилиш ёки тасодифий зарба жиддий жароҳатларга олиб келиши мумкин. Калцийнинг юқори миқдори туфайли айрон организмнинг бу эҳтиёжини қоплайди ва остеопороз хавфини камайтиради. Айрон тайёрлаганда ва сотиб олганда маҳсулотдаги туз миқдорини назорат қилинг.

Меъёр.
Катталар учун айроннинг бир кунлик миқдори уч стаканни ташкил этади. Айронни суистеъмол қилиш ҳазм жараёнининг бузилиши ва умумий аҳволнинг ёмонлашишига олиб келиши мумкин.

Ҳомиладор аёллар учун ҳам айрон жуда фойдали. У калций миқдорини ошириш, ич қотиши ва диареядан халос бўлиш, шишларни камайтириш, таркибидаги фолий кислотаси туфайли ҳомиланинг соғлом ривожланишини таъминлаш хусусиятларига эга.

Болалар учун айрон.
Бола бир ёшга тўлгандан кейин айронни унинг менюсига киритиш мумкин. Ичимлик боланинг суяк тўқимасини мустаҳкамлайди, шамоллашдан ҳимоя қилади, болани қувватлантириб, ақлий фаолликни оширади. Болалар учун кунлик миқдор 200 мл дан ошмаслиги керак. Истеъмолдан аввал болангизнинг сут маҳсулотларига аллергияси йўқлигига ишонч ҳосил қилинг.

Озувчилар учун айрон.

Айрон парҳез даврида нафақат организмдаги калций ва магний етишмовчилигини тўлдиради, балки танани оқсилга тўйинтириши, токсинлардан тозалаши ва метаболизмни тезлаштириши билан ҳам фойдали. Шундай бўлса ҳам, айрондан ташқари овқат ҳам тановул қилиш шарт. Чунки айрон овқат бўла олмайди.
Айронни сузма ёки қатиққа ичимлик суви, райҳон ва бошқа кўкатлар, туз, мурч қўшиб тайёрлаш ҳам мумкин. Уйда тайёрланган айронни бир кундан ортиқ сақламанг. 
Айрон ошқозон яраси, ошқозонда ишқорлилик ошиши, сурункали гастрит ҳолларида айрон ичиш тавсия этилмайди.