Бандликни таъминлашда янгича механизм

Унга кўра:

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси учун жорий йил республика бюджетидан 150 миллиард сўм, 2019 йилдан 300 миллиард сўмдан кам бўлмаган миқдорда қўшимча маблағлар ажратиладиган бўлди.

Вилоят ва шаҳар ҳокимликлари ҳузурида янги иш ўринлари ташкил этишни рағбатлантириш ҳудудий жамғармалари ташкил этилади.

Микрокредитлар асосан, кичик тадбиркорлик, фермер ва деҳқон хўжаликлари, оилавий тадбиркорлик, шахсий томорқа ва деҳқон хўжаликларида иссиқхоналар ташкил этиш, уруғлик, кўчат, чорва моллари ва паррандалар, қишлоқ хўжалиги инвентари ва ускуналари, суғориш мосламаларини харид қилиш, шунингдек, маиший, таъмирлаш, таълим, тиббий, ахборот-коммуникация ва бошқа талаб юқори бўлган соҳаларда фаолият кўрсатадиган корхоналар ташкил этиш ва жиҳозлаш, касаначиликни ривожлантиришга ажратилади.

Микрокредитлар энг кам иш ҳақининг 500 бараваригача бўлган миқдорда 3 йиллик муддатга, 6 ойлик имтиёзли давр билан, Марказий банк қайта  молиялаштириш ставкасининг 50 фоизи миқдоридаги фоиз ставкаси, шу жумладан, тижорат банкининг ажратиладиган кредит ставкасининг 50 фоизи миқдоридаги маржа билан тақдим этилади.

Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларида рўйхатга олинган ишсизларга, меҳнат мигрантларига, оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, кам таъминланган оилалар аъзоларига гаров таъминотисиз энг кам иш ҳақининг 100 баравари миқдоридан ошмаган ҳажмда микрокредитлар ажратилади.

Қишлоқ туманларида, аҳолиси 5 минг кишидан кўп бўлган аҳоли пунктларидан ташқари, сартарошхона, якка тартибда кийим тикиш хизматлари, пойабзал таъмирлаш ҳамда жамоат ҳаммомларини ташкил этган якка тартибдаги тадбиркорлар 2023 йил 1 июлгача барча турдаги солиқлар тўлашдан, якка тартибдаги тадбиркорлар ҳар бир ёлланган ходимга тўланадиган қатъий белгиланган солиқни тўлашдан озод этилади.

Биринчи марта микрокредит олган якка тартибдаги тадбиркорлар уни олган санадан бошлаб 6 ой мобайнида қатъий белгиланган солиқ тўлашдан озод этилади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан бандликка кўмаклашиш марказларида рўйхатдан ўтган ишсиз шахсларни, айниқса, кам таъминланган оилаларда яшовчи хотин-қизларни касбга қайта ўқитишга сарфланадиган харажатларни молиялаштириш учун касб-ҳунар таълими муассасаларига грантлар ажратилади.

2018 йил 1 августдан бошлаб бир марталик субсидиялар берилишини назарда тутадиган ишсизлик бўйича суғурталаш тизими жорий этилади.

2018 йил 1 сентябрдан бошлаб маҳалла раҳбарларининг маълумотлари ва фуқароларнинг аризалари асосида шахсий томорқа хўжаликларида ишловчи фуқароларни банд бўлган шахс сифатида ҳисобга олиш механизми жорий этилади.