Банкирлар спортда ҳам фаол
Марказий банк Самарқанлд вилоят бош бошқармаси ташаббуси билан банк тизими ходимлари орасида соғлом турмуш тарзи, жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада кенг тарғиб қилиш мақсадида спортнинг 6 тури бўйича “Марказий банк кубоги” мусобақаси ўтказилди.
Бир ой давом этган мусобақада 400 нафардан ортиқ банк ходимлари спортнинг минифутбол, мерганлик, дартс, стол тенниси, шахмат ва шашка турлари бўйича ўзаро беллашди.
Барча турларда банкирлар ўзларининг нафақат ишда, балки спортда ҳам эпчил ва чаққон эканликларини исботлади. Ҳар бир йўналиш бўйича ғолиб ва совриндорлар аниқланиб, диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Мусобақаларнинг якунида ўтказилган минифутбол бўйича Халқ банки жамоаси кубокни қўлга киритди. Иккинчи ва учинчи ўринлар “Алоқабанк” жамоаси ҳамда Марказий банк вилоят бош бошқармаси жамоасига насиб этди.
– Ишдан кейин спорт билан шуғулланишнинг завқи бошқача экан, – дейди Марказий банк вилоят бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шерзод Сувонқулов. – Анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган бу мусобақаларда айниқса, ишлаётган хотин-қизларимизнинг фаоллиги йилдан-йилга ошмоқда. Ўтказилган спорт тадбирлари орқали ишчи ходимларимизнинг ишга бўлган муносабати ҳам ўзгармоқда.
Баҳриддин ХОНКЕЛДИЕВ.