Барака миқдорда эмас, меҳнат ва сифатда
Иштихон тумани Қорақишлоқ маҳалласидаги “Шўйхонтепа узумлари” фермер хўжалигида айни кунларда узум йиғим-терими қизғин давом этяпти.
Хўжаликда йилдан-йилга ҳосилдорликни ошириш билан бирга, етиштирилаётган маҳсулот сифатини яхшилашга алоҳида эътибор қаратиляпти.
– Хўжалигимиз бундан 12 йил аввал ташкил этилган, – дейди фермер хўжалиги раиси Фарҳод Эшмуродов. – Ҳозир 45 гектар узумзоримиз бор. Ер майдонлари маҳалламиздаги 52 та оилага йиллик шартнома асосида ижарага берилган. Улар бу ерда узумнинг турли навларини етиштириб, оиласи даромадини таъминлаяпти. Айниқса, ишсиз ёшларга ер ажратилиши улар учун катта имконият бўлди.
Фермернинг таъкидлашича, хўжаликда узум етиштиришда асосий эътибор кўп ҳосил олишга эмас, балки сифатли ва бозорбоп маҳсулот етиштиришга қаратилган.
– Масалан, “Гигант” нави сердаромадлиги билан ажралиб туради. Бир боши камида уч килограмм келади. Токда бошлар кўп бўлиши мумкин, лекин уларнинг барчасини қолдирмаймиз. Ортиқча бошларни сийраклаштириб, ўсимликнинг кучини сифатли ҳосилга йўналтирамиз. Чунки биз учун ҳосилнинг миқдоридан кўра сифати муҳим. Сифатли етиштирилган бир килограмм майизни 350–400 минг сўмдан сотиш имкони бор. Шунинг учун “кўп бўлса бўлди” деган қарашдан кўра, камроқ бўлса ҳам, сифатли ва харидоргир маҳсулот олишга ҳаракат қиламиз, - дейди Ф. Эшмуродов.
Бу йилги ҳосил ҳам хўжалик аҳлини қувонтирмоқда. Бунга, аввало, узумзорларда янги агротехнологияларни қўллаш сабаб бўляпти.
– Кейинги йилларда токларни бетон устунлар ва симлар ёрдамида кўтариб етиштириш усулига ўтдик. Бу усулнинг афзалликлари кўп экан. Ток ер бағрида ётиб қолмайди, ҳаво яхши айланади, қуёш нури мевага бир текис тушади. Суғориш пайтида ҳам узум бошлари ерга тегиб, намликда қолмайди, натижада чириш ва касалланиш хавфи камаяди. Ҳосилни парваришлаш, токларга ишлов бериш ва йиғиб-териб олиш ҳам анча қулайлашади.
Бундан ташқари, токларни тик ҳолатда кўтариб етиштириш усули узумзорда меҳнат унумдорлигини оширишга ҳам хизмат қилмоқда. Токларни кесиш, новдаларни тартибга солиш, ҳосилни кузатиш ва терим жараёнини ташкил этиш енгиллашади.
– Аввал токларни ерга яқин ҳолда парваришлаш бирмунча қийин эди. Ҳозир эса токлар баландроқ ва тартибли ўсади. Ҳосил ҳам кўзга яққол ташланади. Шу сабабли маҳалламиздаги кўпчилик деҳқонлар бу усулнинг қулайликларини кўриб, ўз узумзорларида ҳам қўллаяпти, – дейди фермер.
Ердан самарали фойдаланиш, айниқса, ёшлар учун янги даромад манбаларини яратишга хизмат қилмоқда. Шундай ёшлардан бири – Машраб Маҳмудов.
– Шу фермер хўжалигидан 40 сотих ерни ижарага олганман, – дейди у. – Ёшларга яратилаётган имкониятлардан фойдаланиб, 17 миллион сўм имтиёзли кредит олдим ва бетон устунлар ҳамда симлардан иборат ток кўтариш тизимини ўрнатдим. Бунинг натижасида токларни парваришлаш анча осонлашди. Ҳосил ҳам ўтган йилгига қараганда яхши. Ўтган йили 70 миллион сўм даромад олган бўлсам, бу йил 100 миллион сўм атрофида даромад олишни кутяпман.
Қорақишлоқ маҳалласидаги тажриба шуни кўрсатмоқдаки, ердан унумли фойдаланиш – фақат кўпроқ ҳосил олиш эмас. Асосий мақсад – сифатли, бозоргир ва юқори даромад келтирадиган маҳсулот етиштириш. Узумзорларда замонавий усулларнинг кенг жорий этилиши эса деҳқон меҳнатини енгиллаштириб, ҳосилдорлик ва даромадни оширишга хизмат қилмоқда. Демак, барака миқдорда эмас, аввало, меҳнат ва сифатда.
Тўлқин СИДДИҚОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ.