Барқарор иқтисодий ўсиш. Бунга эришиш учун қандай лойиҳаларни амалга ошириш керак?
2023 йил 11 сентябрда Президентимиз томонидан «Ўзбекстон-2030» стратегияси тўғрисида”ги фармон қабул қилинди. Ушбу стратегияда келгуси 6 йилликда амалга ошириладиган аниқ мақсадларнинг келтирилганлиги билан муҳим аҳамиятга эга.
Таъкидлаш ўринлики, мамлакатимизда тизимли равишда амалга оширилаётган стратегиялар асосида аҳоли фаровонлиги, макроиқтисодий кўрсаткичларнинг ўсиб бориш давомийлигини таъминлаш, экологик муаммолар таъсирини камайтириш, қишлоқ хўжалигида етиштирилаётган маҳсулотларнинг унумдорлигини ошириш, туризм соҳасини иқтисодиётимизнинг локомотивига айлантириш ҳамда барча тармоқ ва соҳаларга рақамли технологияларни кенг жалб қилиш каби мақсадлар эътиборга олинган.
Шу жиҳатдан стратегиянинг иккинчи асосий йўналиши «Барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш»деб номланган бўлиб, бунда макроиқтисодий барқарорлик ҳамда иқтисодий ривожланишни зарур даражадаги энергетика, сув ва инфратузилма ресурслари билан таъминлаш каби долзарб масаларга ечимлар берилган. Хусусан, 2030 йилга қадар иқтисодиёт ҳажмини 2 баробар ошириш ва «даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар» қаторига кириш каби аниқ вазифалар келтирилган.
Бу вазифани амалга ошириш учун қуйидаги кўрсаткичларни таъминлаш лозим:
Биринчидан, ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 миллиард долларга ва аҳоли жон бошига даромадларни 4 минг долларга етказиш.
Иккинчидан, макроиқтисодий барқарорлик ҳамда иқтисодий ривожланишни зарур даражадаги энергетика, сув ва инфратузилма ресурслари билан таъминлаш.
Учинчидан, пул-кредит, фискал ва ташқи савдо сиёсатларини ўзаро мувофиқлаштириш ҳамда товар ва хизматлар бозорида рақобат муҳитини яхшилашга қаратилган таркибий ислоҳотларни давом эттириш орқали 2030 йилга бориб йиллик инфляцияни 5-6 фоиз даражасида таъминлаш.
Тўртинчидан, иқтисодиётда трансформация ва институционал ислоҳотларни изчил давом эттириш, мамлакатда қулай инвестицион ишбилармонлик муҳитини таъминлаш ҳамда мувозанатлашган пул-кредит сиёсатини амалга ошириш.
Бешинчидан, давлат қарзининг ялпи ички маҳсулотга нисбатини 50 фоиздан ошмаслиги учун ўрта муддатларга мўлжалланган давлат қарзини бошқариш стратегиясини амалга ошириш.
Олтинчидан, асосий капиталга киритиладиган инвестициялар ҳажмининг йиллик ўртача 7 фоиз атрофида ўсишини таъминлаш.
Ушбу аниқ мақсадларни ўз муддатида амалга ошириш аҳоли фаровонлиги таъминлашнинг энг самарали ечими ҳисобланади. Барқарор тараққиётни таъминлашда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни ошириш барқарор тараққиётнинг асосидир.
Умуман олганда, «Ўзбекистон-2030» стратегиясида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш биз каби иқтисодчиларнинг ҳамда ёшларимизнинг зиммасига улкан масъулият юклайди.
З.Бакаев,
Самарқанд давлат университети рақамли иқтисодиёт кафедраси мудири, иқтисодиёт фанлари доктори, (PhD).