Байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича жаҳон чемпионатида қатнашадиган спортчиларимиз таркиби эълон қилинди
Шу йилнинг 23-25 август кунлари Самарқанд эшкак эшиш каналида спортнинг байдарка ва каноэда эшкак эшиш тури бўйича жаҳон чемпионати ўтказилади.
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон Rowing&Canoe федерацияси ҳамда Халқаро каноэ федерацияси (ICF) ҳамкорлигида мамлакатимизда илк бор ўтказиладиган мусобақада дунёнинг 57 давлатидан 400 нафар атлет ноолимпия масофаларида беллашади.
Ўзбекистон Rowing&Canoe федерацияси Самарқандда кечадиган дунё биринчилигида Ватанимиз шарафини ҳимоя қиладиган спортчилар рўйхатини эълон қилди.
Унга кўра, эркаклар ўртасидаги мусобақаларда Нурислом Тўхтасин ўғли, Артур Гулиев, Элёржон Мамадалиев, Вилям Ибрагимов, Шаҳриёр Маҳкамов, Ярослав Славгородский, Владлен Денисов, Самандар Ҳайдаров, Камронбек Ахтамов, Муҳаммадали Мирусманов, Озоджон Амриддинов (самарқандлик), Миржалол Комилов, Зиёдбек Йўлдошалиев, Даврон Салимов, Дилмурод Шермуродов жаҳон чемпионатининг совринли ўринларига даъвогарлик қилади.
Аёллар иштирокидаги баҳсларда Екатерина Шубина, Дилноза Раҳматова, Нилуфар Зокирова, Арина Танатмишева, Хонзода Эркинова, Мадинабону Исмоилова, Шоҳсанам Шерзодова, Динара Жўраева, Шаҳризода Мавлонова омадини синовдан ўтказади.
Эслатиб ўтамиз: Самарқанддаги эшкак эшиш канали бежиз мусобақа ўтказиладиган жой сифатида танланмаган. Чунки Марказий Осиёда бундай турдаги ягона спорт иншооти бўлиб, 2023 йилнинг 25-30 апрель кунлари бу ерда байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича Осиё чемпионати ўтказилган эди.