Бекорчи ёки эҳтиёжманд қолмаслиги зарур

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Бадриддин Насриев ва бошқа депутатлар бугунги пандемия даврида ана шундай фикр билан иш олиб боришмоқда.
Бугун Б.Насриев Самарқанд шаҳар 2-сектор раҳбари Дилмурод Сайидқулов билан секторга қарашли Галаосиё, Расадхона, Тошкент, Ёминий ва Гўри Амир маҳаллаларида яшовчи эҳтиёжманд ва камбағал оилаларга ижтимоий-иқтисодий ёрдам кўрсатилиши, меҳнатга лаёқатли оила аъзоларининг бандлигини таъминлашга қаратилган ишлар билан танишди.
Шу мақсадда хонадонма-хонадон ўтказилган учрашувларда шаҳар Давлат хизматлар маркази, меҳнат бандлиги ва тижорат банки мутахассислари ҳам иштирок этиб, фуқароларнинг муаммоларига қулоқ тутишди.
Натижада новвойлик, паррандачилик, иссиқхона қуриш, қандолатчилик, тикувчилик ва бошқа йўналишлар бўйича юзга яқин фуқаролар банк кредит маблағлари асосида тадбиркорлик фаолиятини бошлайдиган бўлди.
Мутахассис ходимлар томонидан Галаосиё маҳалласи фуқаролари Ўткир Жумаевга иссиқхона қуриш учун 30 миллион сўм, Алишер Эгамбердиевга новвойликни ривожлантириш учун 30 миллион сўм, Назира Салоҳиддиновага паррандачилик фаолиятини йўлга қўйиши учун 30 миллион сўм кредит ажратиш бўйича зарур ҳужжатлар расмийлаштирилди. Шу билан бирга "Samarqand CITY" комплекси қурилиши муносабати билан “ERIEEL Enter Engineering" қурилиш компанияси, 8 март тикувчилик фабрикасига ҳамда меҳнат бандлик марказига ҳақ тўланадиган жамоат ишларига 50 дан ортиқ фуқаролар жалб қилинди.
Мутасадди ташкилотлар билан ушбу йўналишдаги ишлар давом этмоқда.