Бекорчи ёшлар бўлмайди
Жорий йилнинг 24-феврал куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев ёшлар билан очиқ ва самимий мулоқот ўтказди. Тадбирда илгари сурилган ташаббуслар – таълим, касб-ҳунар, тадбиркорлик, инноватсия ва волонтёрлик йўналишларидаги аниқ ва тизимли қарорлар эртамиз эгаларининг улкан салоҳиятини рўёбга чиқаришга хизмат қилиши шубҳасиз.
Савол туғилиш табиий – шу пайтгача яратилган имкониятлар, берилган топшириқлар ижроси юзасидан нималар қилинди?
Аввало, қайд этиш ўринли, вилоятимиз 4,3 миллион аҳолисининг 2,3 миллион нафарини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади.
Ўтган йил меҳнат бозорига янги кириб келган 88 минг 707 нафар битирувчиларнинг бандлигини таъминладик. Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва ушбу йўналишда бандлигини таъминлаш мақсадида 7 минг гектар ер 20 минг нафар ёшларга берилгани натижасида улар 28,3 минг тонна маҳсулот етиштириб, 280 миллиард сўм даромад олишди.
Тадбиркорлигини ривожлантириш мақсадида эса 21 минг 115 нафар ёшларга 691,4 миллиард сўм кредитлар ажратилиб, 22 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Мисол учун, Ургут тумани Қуйи Торинжак маҳалласида яшовчи Фазлиддин Салимов эркаклар устки кийимлари ишлаб чиқаришни йўлга қуйиш мақсадида 2,6 миллиард сўм кредит олиб, 40 кишининг бандлигини таъминлади.
Самарқанд шаҳар Обод Шарқ маҳалласида Темур Одилов 500 миллион сўм кредит ҳисобидан болаларга логопед хизматларини ташкил этди ва 20 та янги иш ўрни яратди.
Ўтган йили шунингдек, 8 минг 264 нафар ёшга 30 дан ортиқ касб-ҳунар ўргатилган бўлса, онлайн платформалар орқали 4 минг 405 нафар йигит-қиз замонавий касбларга ўқитилди.
Хорижий тиллар бўйича халқаро имтиҳон тизимларидан C1 даражасидаги сертификатга эга бўлган 1 минг 85 нафар ёшларнинг 2,3 миллиард сўмлик имтиҳон харажатлари қоплаб берилди. Жорий йил якунига қадар хорижий тилларни ўрганишга қизиқиши бор 70 минг ўғил-қизларимиз “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси орқали ўқитилади.
Дарвоқе, йил бошида 9 минг 630 нафар ишсиз, “оғир” тоифадаги ёшларнинг манзилли рўйхати шакллантирилди. Улар вилоятдаги 578 нафар раҳбарларга номма-ном бириктирилди. Ўтган давр мобайнида улардан 3212 нафари ёки 33,4 фоизининг бандлиги таъминланди. Рўйхатдаги қолган ёшлар билан манзилли ишлар давом эттирилиб, бандлигини тўлиқ таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Таҳлилларга кўра, ишсиз ёшларнинг 2382 нафари 17-21 ёшдагилар экан. Шуни ҳисобга олиб биринчи навбатда уларни олий таълим билан қамраб олиш, касб-ҳунарга ва хорижий тилларга ўқитиш орқали доимий иш билан банд қилиш кўзда тутилмоқда.
Тўғри, жорий йилда яна 80 минг 561 нафар йигит-қизлар меҳнат бозорига кириб келади. Жумладан, олий таълим муассасаларини 12 минг 174 нафар, касбий таълим муассасаларини 19 минг 817 нафар, мактабларни 48 минг 570 нафар битирувчи тамомлайди.
Шундан 39 минг нафари, яъни 49 фоиз битирувчилар таълимнинг кейинги босқичига қамраб олинади. Қолган 41 минг нафари билан манзилли ишлаб, йил якунига қадар уларнинг бандлигини таъминлаймиз.
Айни пайтда вилоятда 11 мингдан ортиқ вакант иш ўринлари мавжуд. Йил якунигача яна 96 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.
Бундан ташқари, вилоятда 60 га яқин касб-ҳунар ўқув курслари ва 6 та мономарказда 2,5 минг нафар йигит-қизлар ўқимоқда. Йил якунигача 10 мингга яқин битирувчилар касб-ҳунар ўрганади. Вилоят бўйича мингдан ортиқ хорижий тилларга ўргатиш курслари фаолият олиб бормоқда.
Шу рақамларнинг ўзи ишсиз ёшларимизнинг доимий бандлигини таъминлаш учун имконият етарли эканини кўрсатади.
Ёшлар бандлиги масаласида гап кетганда табиийки, техникумлар ҳақида тўхталмасликнинг иложи йўқ. Чунки кейинги йилларда бу муассасалар қисқа муддатда замон талабларига мос ўрта мутахассисларни тайёрлаб бераётгани билан муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мисол учун, Иштихон туманида Хитой Халқ Республикаси билан ҳамкорликда Самарқанд халқаро техникуми ташкил этилди. Бунгача Иштихон 1-сон техникумининг 66 нафар ўқувчиси Хитойда 3 ой ишлаб чиқариш амалиётини ўтаб қайтди. Ҳозирда ушбу техникумда 300 нафарга яқин ёшлар саралаб олиниб, Хитой билан ҳамкорликда ўқиш жараёнини бошлаш арафасида.
Шу билан бирга, вилоятдаги техникумларда Германиянинг (ГИЗ) ташкилоти билан ҳамда Буюк Британия, Корея ва Беларус давлатларининг таълим ташкилотлари билан ҳамкорликда ҳудудда эҳтиёж юқори бўлган ахборот технологиялари, туризм, пайвандловчи, электромонтёр, логистика, металлар технологияси, ҳамширалик касби бўйича мингга яқин ўқувчи ўқитилмоқда.
Шунингдек, яна 7 та техникумда хорижий давлатлар билан ҳамкорликда 14 та касб бўйича халқаро ва қўшма таълим дастурлари жорий этилади.
Умуман, ҳудудлар кесимида таҳлил қилиб чиқиб, ишсиз ёшлар энг кўп бўлган Ургут тумани (1674 нафар) бўйича алоҳида ишларни режа қилиб олдик. Жумладан, тумандаги 1300 ўринли 1-сон техникум биноси маҳаллий бюджет ҳисобидан замонавий усулда таъмирланади. Касбий таълим агентлиги техникумни замонавий жиҳозлар билан жиҳозлайди.
Техникумда қисқа муддатли курсларда 4 мингга яқин ёшлар касб-ҳунарга ўқитилади.
Eртамиз эгаларининг бандлигини таъминлаш ва уларнинг салоҳиятини юксалтириш бўйича аниқ режалар ишлаб чиқилган. Шу асосда вилоятимиз ёшларини меҳнат бозори талабларига мос малакали мутахассис этиб тайёрлаш, уларни даромадли фаолиятга йўналтириш бўйича амалий натижа берадиган тизимли ишлар ташкил этилмоқда.
Ҳусан ТЎХТАEВ,
вилоят ҳокими ўринбосари.