Беларусь: воқеалар ривожи. Муҳолифатчиларга нисбатан жиноий иш қўзғатилди

Кремль Беларусь муҳолифати билан мулоқотга киришиш таклифини рад этди. Россияни Беларусь муҳолифати билан мулоқотга кириши, мамлакатнинг ички муаммоларига аралашуви сифатида баҳоланади, музокаралар мамлакат ичида амалга оширилиши лозим. Бу ҳақда 20 август куни Россия Федерацияси президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.
“Бу борада бирон бир фикр билдиришдан биз сақланамиз. Яна бир бор такрорлайман, Беларусь ичидаги муаммоларни мамлакат ҳукумати, норози томон билан суҳбат ўтказган ҳолда ҳал қилиши керак. Биз ушбу норозиликларга шак-шубҳасиз аралашмаймиз, айниқса, ҳозирги қалтис вазиятда”, - деди Песков журналистларга.
Беларусь муҳолифатининг Мувофиқлаштириш кенгаши (МК), ўтказилиши мумкин бўлган қайта сайловларда амалдаги президент Александр Лукашенко номзоди иштирокини муҳокама қилиб кўриши мумкин. Бу ҳақда МК аъзоси Павел Латушко РИА Новости нашрига маълум қилди.
Латушконинг сўзларига кўра, Лукашенкони қайта сайловларда иштирок этиши, МК томонидан муҳокама қилинмаган. “Янги сайловлар – бу биринчи рақамли масала ва Белорусь жамоатчилиги аъзоларининг кўпчилиги амалдаги ҳокимият истеъфоси тарафида”, - маълум қилди у.
Беларусда, муҳолифатнинг Мувофиқлаштириш кенгаши устидан жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда 20 август куни мамлакатнинг Бош прокурори Александр Конюк маълум қилди.
“Мувофиқлаштириш кенгашининг ташкил эттирилиши ва унинг фаолияти давлат ҳокимиятини эгаллашга, шунингдек Беларусь Республикасининг миллий хавфсизлигига раҳна солишга қаратилган. Мазкур ҳолат юзасидан (Беларусь) Жиноят кодексининг 361 - моддаси билан жиноий иш қўзғатилди”, - таъкидлади Бош прокурор.
МК устидан жиноий иш қўзғатилганидан сўнг, уларга босим ўтказилишини олдини олиш мақсадида МК аъзолари рўйхати кенгаш сайтидан олиб ташланди, дейилган МК сайтида.
АҚШ Беларусь ҳукуматини аҳоли билан суҳбат ўтказишга чақирмоқда, шу қаторда муҳолифат томонидан ташкил этилган МК орқали ҳам. Бу ҳақда 20 август куни АҚШ давлат котиби Майк Помпео маълум қилди.
“Биз Беларусь ҳукуматини аҳоли билан фаол суҳбат олиб боришга чақирамиз, шу қаторда яқинда ташкил этилган миллий Мувофиқлаштириш кенгаши орқали ҳам. Ушбу музокаралар Беларусь келажаги ва ривожи учун, халқ талабини кўрсатиши лозим”, - деди Помпео.
Беларусь муҳолифати қуролли кучлар вакилларини халқ томонга ўтишга чақирди. МК видео лавҳа эълон қилди, унда ҳукуматга қарши томон, қуролли кучлар вакилларини муҳолифат томонга ўтишга чақирган. МК ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимларига пул, уй, моддий ва маънавий ёрдам таклиф қилган.
Беларусь Бош вазири Роман Головченко 20 август куни, республикада иш ташлашга чақириқлардан мақсад, ишчилар ва давлат ўртасидаги зиддиятни юзага келтириш эканлигини таъкидлади.
“Давлат ташкилотларини қўзғатишга ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Яъни... ишчилар ва давлат ўртасидаги зиддиятни юзага келтиришга ҳаракат қилинмоқда”, - деди Головченко.
Президенликка собиқ номзод Светлана Тихановская 21 август куни яна видео мурожаат йўллади, у катта ташкилот ишчиларини иш ташлашда давом этишга чақирди.
“Қадрдон беларусларим, “Беларуськалия”, “МТЗ”, “Гродноазот” ва бошқа ташкилот ишчи ходимлари, сиз – янги, озод Беларусь рамзисизлар... Беларусь келажаги, демак фарзандларимиз келажаги ҳам сизнинг бирдамлик ва қатъий қарорингизга боғлиқ. Шу сабабли сизлардан иш ташлашни кенгайтиришни сўрайман”, - дейилган мурожаатда.
Тихановкая тадбир мақсади сиёсий маҳбусларни озод этилиши ва янги сайловлар ўтказилишида эканлигини таъкидлаган.
Хавфсизлик юзасидан Литвага кетган Тихановская, ўзини хавфсиз ҳис қилганда Ватани Беларусга қайтишини маълум қилди.
“Мен ўз Ватанимни телбаларча севаман, мен жудаям қайтгим келяпти ва ўзимни хавфсиз ҳис қилганимда албатта у ерга қайтаман”, - деди у ўтказилган матбуот анжуманида.
21 август куни, Беларусь муҳолифатининг Мувофиқлаштириш кенгаши аъзолари Максим Знак ва Сергей Дилевский, Тергов қўмитасига етиб келдилар. Бу ҳақда РИА Новости нашри хабар берди.
МК аъзоси Знак, жиноий ишда гувоҳ сифатида чақирилганини маълум қилди.
Дилевскийнинг сўзларига кўра, ким сифатида чақирилгани унга номаълум, бироқ у “шунчаки суҳбатлашишга чақирганларини” қўшимча қилди.
Бекзод МУСУРМОНОВ тайёрлади.