Белингда белбоғинг борми, бек?..
Халқимизнинг жуда кўп ибратли удум ва одатлари бор. Шулардан бири белбоғ билан боғлиқ қадрият. Халқимиз ўғил фарзандининг белига ҳали бола ёшидан белбоғ боғлайди. Эл орасида, эркак кишининг белида белбоғи бўлсин, деган гап ҳам юради. Бу эса эркак бу ҳаётда эл-юрт корига камарбаста эканининг, оила равнақи, фарзандлар тарбияси учун масъул эканининг ифодаси. У Аллоҳ томонидан ерда халифа этиб тайинланган зот ва унга эл-юрт равнақи, оила фаровонлигини таъминлаш, фарзандлар тарбиясига собит туриш вазифаси юкланган. Белига белбоғ боғлаши шундан.
Полвонлар белини боғлаб кураш майдонига тушганларига ҳаммамиз гувоҳмиз. Демак, белбоғда буюк бир ҳикмат, маъно ва моҳият мавжуд. У инсоннинг танасидаги куч, ғайрат ва шижоатни муайян бир мақсадга йўналтиришга хизмат қилади. Унинг урфимизга кириб келишида табиатдан олинган андаза алоҳида ўрин тутган десам, муболаға бўлмайди. Фикр қилинг, одам боласи сой ва дарёларнинг белига банд ташлаб, саҳроларга сув олиб чиқди: қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган чўлларга обиҳаёт улашди. Ёки, оддий бир қамишни олиб кўринг: белини боғлаб ундан бўйро тўқидилар, тўшама бўлиб, кўпнинг корига ярай бошлади.
“Бел боғлаш” сўзи бирикмасининг тилимизда қўлланишига ҳам эътибор қаратайлик. У қарор, аҳд, азм, жазм қилиш, лавзида туриш сингари маъноларни ифодалайди. Бу эса мана шу сўзнинг таркибида бурч ва онт маънолари ҳам мавжуд эканини билдиради...
Янгиланаётган Ўзбекистон сиёсати бугун барчамиздан халқ орасига чуқур кириб, унинг дарду ташвишларидан хабардор бўлиш вазифасини қўйяпти. Шу муносабат билан кунда-кунора жойларда бўлиб, оддий одамларнинг муаммоларига қулоқ тутяпмиз. Ечими бор масалалар ўз ечимини топяпти, аммо шундай дарду-ҳасратлар борки, уларни эшитиб оғир ўйга толасан, киши. Куни-кеча бир муштипар аёл ва унинг болалари билан мулоқотда бўлдик. Бечора, беш нафар боласи билан ўн беш йилдирки, хорижга кетган эрини кутиб яшар экан. Шу йиллар мобайнида у жозибасини буткул йўқотибди. Ҳаётнинг залворли юкини ожизгина елкасига олишга мажбур бўлганидан, юзларини ажин босиб, кафти қадоққа айланибди. Беш боланинг оғзи бор: ейман, дейди; орзу ҳаваси бор, тенгдошлари қатори кийинишни истайди. Мактаби, мақсади, қолаверса, иссиқ жоннинг иситмаси – барисининг харажати бор. Шу пайтгача у ана шу залворни зиммасида тутиб келаётган экан. Болалари катта бўлиб, ташвиши ҳам тош боса бошлагани сабаб, ёрдам сўраб келган экан. Ҳокимиятга, тегишли мутасадди ташкилот вакилларига ва саховапеша инсонларга раҳмат, ёрдам беришди. Заъфарон чеҳраси анчайин ёришди. Аммо...
Ҳа, худди юзидаги ажинлар каби, қалбида қат-қат бўлиб ётган армонлари-чи, аридими?.. Камина ана шу ҳақда сўзлашга қарор қилдим.
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Нисо” сураси 34-оятида: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб, Аллоҳ эркакларни айрим жиҳатларда аёллардан ортиқ қилгани, эркаклар ўз оиласига ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришга бурчли эканликларидандир”, деб марҳамат қилади.
Афсуски, айрим эркакларимиз ана шу бурчларини унутиб қўймоқда. Хотин, бола-чақасини тақдирнинг измига ташлаб, ўзларининг тинчини кўзлаб, хорижга йўл олаётганлар ҳам учраб турибди. Бундай нусхаларни эркак-ку, эркак, одам дейишга тилинг бормайди.
Бу каби кимсаларнинг дину дунёси куйган, охирати озорлар билан кечиши тайин. Мана шу ҳақиқатни ўн беш йилдан бери англамаган бўлса, ҳадемай фаҳмлаши, шубҳасиз. Зотан, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассаллам ҳадисларининг бирида: “Киши ўз қарамоғидагиларини нафақасиз ташлаб қўйиши унинг қаттиқ гуноҳкорлигига кифоя қилади”, деб марҳамат қилганлар.
Оиламни ораста, рўзғоримни бут, болаларимни бировдан кам қилмайман, деб белни маҳкам боғлаб хорижга кетган Бек, сиз-чи, ортга қайтишингиз учун нима халақит қиляпти? Сувга тушган тошдек, тубанликнинг тубига тушиб кетганингизга изоҳингиз борми?
Хотинингиз, андишали аёл экан. Мулоқот чоғи сизни бирор марта сенсираб тилга олмади. “Бегим”, деди тилидан бол томиб. Гарчи, ботқоқларга булғаб кетган бўлсангиз ҳам. Садқайи, Бек! Кўз ёшларини кўрсатмасликка ҳаракат қилди. Аммо ёш деганча бор-да, бир томчиси барибир ёшлик қилиб пастга думалади...
Бир шўрликка шу қадар жабр, болаларингизда нима гуноҳки, уларни тирик етим қилиб қўйибсиз, Бек! Мабодо, бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб, ғаразли кишиларнинг этагини тутиб, жанггоҳларга улоққан бўлсангиз яна ҳам тезроқ бу йўлдан қайтинг! Мўъжазгина оиласига бир мирилик нафи тегмаган текинхўрдан, дунё қандай манфаат топиши мумкин?! Агар исломнинг равнақи учун ўз ўрнингизни ўша ёқдан ахтарган бўлсангиз, адашибсиз: на ислом ва на асил мусулмон қавми бунинг каби жонбозликларга муҳтож эмас. Аксинча, диним деган одам, аввало, унинг аҳкомларини, ўзи учун фарз бўлган амалларини адо этади. Уларнинг мағзини юқорида оят ва ҳадислар мисолида айтиб ўтдик. Донога бир ишора кифоя, англаган бўлсангиз айни муддао.
Агар, белингизда ҳали ҳам белбоғингиз бўлса, албатта...
Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,
Самарқанд вилояти бош имом-хатиби.