“Беш ташаббус олимпиадаси”: Кучлилар сараланмоқда

Жорий йилги “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг иккинчи мавсуми янги низомига мувофиқ, ўқувчилар, профессионал таълим, олий таълим муассасалари талабалари ва маҳалла ёшлари ўртасида белгиланган ёш тоифасида ўтказилмоқда.

Олимпиада доирасида вилоятдаги мактаб ўқувчилари синфлараро мактаб босқичи, мактаблараро туман (шаҳар) ва ҳудудий-финал босқичида енгил атлетика, шахмат, шашка, волейбол, стол тенниси, мини футбол ва “Қувноқ стартлар” бўйича ўтказилган мусобақаларда баҳслашди.

Беллашувларда 7-17 ёш тоифасида 238 минг 808 нафар ўқувчи-ёшлар қамраб олинди. Мусобақанинг ҳудудий финал босқичида 126 нафар ўқувчи ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди. 

Профессионал таълим муассасалари ўқувчиларининг 5124 нафари шахмат, шашка, волейбол бўйича сектор, секторлараро туман (шаҳар) босқичларида иштирок этди ва 352 нафар ўғил-қиз мусобақанинг ҳудудий босқичига йўлланмани қўлга киритди. 

Мусобақанинг вилоят финал босқичи 1-4 ноябрь кунлари бўлиб ўтади.

Олий таълим муассасалари талабалари спортнинг мини футбол, стол тенниси, волейбол, енгил атлетика ва стритбол турлари бўйича гуруҳлараро факультет, факультетлараро ОТМ босқичларида беллашди.

Мусобақаларда 18 минг 277 нафар талаба иштирок этиб, беллашувларнинг олий таълим муассасалариаро ҳудудий босқичга 490 нафар талаба етиб келди. Энди 2-8 ноябрь кунлари мусобақанинг ОТМлараро ҳудудий босқичи ўтказилади ва ғолиб бўлган жамоалар 13-18 ноябрь кунлари олимпиаданинг республика финал босқичида иштирок этади.

“Беш ташаббус олимпиадаси”нинг маҳалла ёшлари ўртасидаги мусобақаларида 14-30 ёш тоифасидаги 146 минг 669 нафар ўғил-қизлар қамраб олинган. Айни пайтда спортнинг гимнастрада, волейбол ва миллий кураш турлари бўйича кўчалараро, маҳаллалараро ва секторлараро босқичларида ғолибликни қўлга киритган ўғил-қизлар олимпиаданинг туман ва вилоят босқичларига сараланмоқда.

Мусобақаларнинг туманлараро босқичи 8 ноябрда якунланади ва ғолиблар 16-26 ноябрь кунлари ҳудудлараро босқичида иштирок этади.