Бешта ташкилотга 295 миллион сўм
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш бўйича Жамоат фонди томонидан ўтказилган навбатдаги танлов натижалари эълон қилинди.
“Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили давлат дастурини амалга оширишда ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ҳамда ОАВларни қўллаб-қувватлаш” мавзусидаги танлов ғолибларини тақдирлаш ҳамда шу Фонд томонидан янги танлов эълон қилиниши муносабати билан ўтказилган йиғилишда вилоятда фаолият кўрсатаётган давлат ва нодавлат нотижорат ташкилоти вакиллари иштирок этди.
- Мазкур танловга 30 га яқин турли йўналишдаги ишлар келиб тушди, - дейди халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди директори Достон Маликов. – Танлов комиссияси вакиллари томонидан ҳар бир тақдим этилган иш алоҳида кўриб чиқилди, уларнинг танлов мавзуига мослиги, харажатлар сметасининг қай даражада тўғри тузилганлиги, ижтимоий аҳамияти каби жиҳатлари ўрганилиб, баҳоланди. Натижаларга кўра, бешта жамоат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари грант совриндорлари бўлиб, уларга 295 миллион сўм миқдордаги маблағ ажратиладиган бўлди.
Танлов ғолиблари орасида Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти Пайариқ туман бўлинмаси, Ногиронлар жамияти Паст Дарғом туман бўлими, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Каттақўрғон шаҳар бўлими, Нуроний жамғармаси Самарқанд шаҳар бўлими, Нарпай туманидаги Нарпай маҳалласи кабилар мавжуд.
- Бугунги кунда Паст Дарғом туманида 6 мингга яқин имконияти чекланган фуқаролар истиқомат қилади, - дейди Ногиронлар жамияти Паст Дарғом туман бўлими раҳбари Хонбуви Ҳайитова. – Уларнинг минг нафарига яқини меҳнатга лаёқатли ҳисобланади. Ушбу танловда нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқиш орқали ногиронлар бандлигини таъминлаш бўйича грант ютиб олдик. 60 миллион сўмлик грант маблағи билан лойиҳамизни 10 ойлик муддат давомида амалиётга жорий этиш белгиланган.
Йиғилишда, шунингдек, Жамоат Фонди томонидан шу йилнинг 1 майидан 1 июлгача бўлган муддат учун “Жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ҳамда жамоатчилик назоратини амалга оширишда ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш” номли 2-танлови ҳам эълон қилинди.