Бешта туманда “Эрта ривожлантириш маркази” ташкил этилади

Шу пайтга қадар вилоятда кам таъминланган ижтимоий кўмакка муҳтож оила фарзандлари ҳамда имконияти чекланган болалар учун Тойлоқ педагогика коллежи негизида “Эрта ривожлантириш маркази” ташкил этилган эди. Жорий йилда Тойлоқ, Иштихон, Паст Дарғом, Булунғур ва Оқдарё туманларида худди шундай марказлар очилади.

Бу ҳақда вилоят Матбуот уйида журналист ва блогерлар учун ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
- Ушбу марказларга кам таъминланган ижтимоий кўмакка муҳтож оила фарзандлари ҳамда имконияти чекланган болалар қамраб олинади, - деди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Зайниддин Жўраев.

Тадбирда таъкидланишича, йил давомида мактабгача таълим ташкилотларида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган кам таъминланган эҳтиёжманд оила вакилларининг 5271 нафар фарзандлари ота-оналарнинг ойлик бадал тўловидан озод қилинган. Бир оиладан икки ва ундан ортиқ болаларнинг ота-оналар тўлови 29 фоизгача камайтирилган.
Ўтган йилда Инвестиция давлат дастури асосида 27 та давлат мактабгача таълим ташкилотлари фойдаланишга топширилган. Янги нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари сони эса 347 тага ошган. Натижада 4170 та янги қувват яратилган.