Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бинони иситиш таълим муассасасининг “бошоғриғи” бўлмаслиги лозим

Қанчалик ғалати бўлмасин, мактаб ё бошқа ижтимоий соҳа ташкилотининг қишда яхши иситилмаслиги учун кўпинча шу муассаса раҳбари жавоб бериб келади. Агар муассаса кўмирга мослашган бўлса, ҳатто кўмир омборининг ҳолати учун ҳам шу кунгача директорлар жавоб бериб келмоқда.

Агар ҳозирда бир нечта туманда экспериментдан ўтаётган иситиш тизимларини давлат-хусусий шерикликка бериш бўйича лойиҳа муваффақиятли якунланса ва бу тизим оммалашса, мактаб, боғча, шифохона, ижтимоий соҳадаги ташкилотлар раҳбарлари иситиш бўйича саволлар қаршисида қолмаслиги мумкин.

Хўш, синовдан ўтаётган янги тизим қандай ишлайди? Бу лойиҳа 2023 йил 10 апрелдаги “Ижтимоий соҳа объектларининг иситиш тизимларини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш тўғрисида”ги Президент қарори асосида ишлаб чиқилган.

Шу асосда вилоятларда бир қатор туманлардаги ижтимоий соҳа объектларининг иситиш тизимлари давлат-хусусий шерикликлик асосида тадбиркорларга берилган. Яъни, иситиш — тадбиркор зиммасида.

Бунда давлат ҳисобидан: инвестиция сумманинг 50 фоизини қоплаб бериш, 10 йил муддатда эксплуатация харажатларини бюджет ҳисобидан ажратиб бориш, инвесторга ҳар йили харажатлар таннархига нисбатан 10 фоиз миқдорида соф фойда тўловларини тўлаб бериш амалга ошилади.

Инвестор, яъни хусусий шерик эса инвестиция сумманинг 50 фоизини ўз маблағи ҳисобидан жалб этиш, ижтимоий муассасалари учун зарур иссиқлик энергиясини ишлаб чиқаришда талаб этиладиган кўмир ёқилғиси захирасини яратиш ва таъминлаш, 10 йил муддатда ДХШ тўғрисидаги битимга мувофиқ иситиш тизимини эксплуатация қилиш ва бошқарувни амалга ошириш,  муддатидан олдин яроқсиз ҳолатга келган иситиш қозонларини 100 фоиз ўз маблағлари ҳисобидан янгилаш ва таъмирлашни ўз бўйнига олади. Энг асосийси, 10 йил муддатда ижтимоий соҳа объектлари биноларини қиш мавсумида +(20-23) даража иссиқлик билан таъминлайди.

Шунингдек, инвестор кўмир ва электр энергияси харажатларини камида 20 фоизга камайтириш, мавжуд қозонларни замонавий энергия тежамкор қозонларга алмаштириш, иссиқлик энергиясининг йўқотишларини камида 30 фоизга камайтиришни зиммасига олади.

Битимга кўра, инвесторнинг қаердан ёки қанча пулга кўмир олиши, қайси компания технологияларидан фойдаланиши каби ишларга давлат аралашмайди, муҳими, иссиқлик бўлсин.

 Ана шу талаблар асосида Самарқандда 2023 йилда 3 та - Самарқанд, Иштихон ва Нарпай туманидаги жами 402 та ижтимоий соҳа объекти  иситиш тизимини ДХШга ўтказиш белгиланган эди.

Шундан, битимга асосан модернизация харажатлари 72 млрд. сўмни ташкил қилиб, 50 фоизи давлат бюджети маблағлари ҳисобидан, қолган 50 фоизи хусусий шерик томонидан ажратилиши ва эксплуатация харажатлари учун 17,1 миллиард сўм маблағ тўлиқ давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга ошириш кўзда тутилган.

Дастлаб, янги тизимда айрим туманларда бир қатор муаммолар кўзга ташланди. Маълум бўлишича, бу лойиҳани молиялаштиришдаги кечикишлар сабаб юзага келган. Кейинчалик эса тизим ишга тушгач, эксперимент ҳудудларида ҳақиқатан ҳам энди иситиш билан боғлиқ муаммолардан ижтимоий муассасалар ходимлари қутула бошлади. Ҳолатни ўз кўзимиз билан кўриш учун вилоят молия бошқармаси таклифи билан Самарқанд туманида бўлдик.

Туманда 54 та мактаб, 43 та боғча, 15 та соғлиқни сақлаш, 5 та маданият ва спорт муассасалари ДХШ асосида янги тизимга ўтган.  

Тумандаги 34-поликлиникада бўлиб, муассаса раҳбари Салим Худойназаровнинг фикрини эшитдик:

-  Илк марта шу йилдан бошлаб, иссиқлик билан мен шуғулланмайман, бу бўйича жавобгарлик тўлиқ инвестор зиммасида, - дейди С.Худойназаров. – Олдинги вақтлар қиш келаверса, кўмирга жой тайёрла, олиб кел, қоидаларга мос сақла, қозонхонага қара... хуллас ташвиши кўп эди. Энди эса тўлиқ ўз ишимни қиламан. Бу йил албатта, ўтган йилгидек 20 кунлаб аномал совуқ бўлмади, ҳозирча тизимни кўкка кўтармаслик керакдир. Фақат шуни айтишим мумкинки, бу қишда бизда иситиш муаммоси юзага келмади. Ҳар доим хоналар меъёр бўйича иссиқлик билан таъминланяпти.

Шунингдек, тумандаги 52-мактабда ҳам бўлдик. Бу ерда ҳам ҳозирча иситиш билан боғлиқ муаммо йўқ. Бир қатор болалар боғчаларини кузатиб ҳам шунга гувоҳ бўлдик.

Одатда куз-қиш мавсумида ҳар битта ижтимоий соҳа объектига 60-70 тоннагача кўмир ажратилади. Айтайлик, биз борган 34-соноилавий поликлиника ўтган йил 70 тонна кўмир олган. Хоналар ҳажмига қараб, мактаб ва боғчаларда ҳам шу атрофда кўмир сарфланади. Янги тизимга ўтгач, кўмир сарфи анча камаядиган кўринади. Бу бўйича инвесторлар атрофлича тушунтириб ўтди.  Самарқанд туманида учта корхона давлат-хусусий шерикликка танлаб олинган. Улардан бири – “Бадал қурилиш маҳсулот савдо” МЧЖ раҳбари Заршед Адашев шундай дейди:

- Кўриб турганингиздек иситиш тизими технологияларини Туркиядан олиб келганмиз. Чунки анча илғор саналган бу технологиялар билан қозонхоналаримизда ойида ўртача 1 тонна кўмир сарфланади. Хоналар иссиқлиги меъёрдан ошиб бошласа, автоматик равишда иссиқлик юборишни тўхтатади ва “эконом режим”га ўтади. Ҳарорат меъёрдан пасайгач, яна ўзи ишга тушиб, иссиқлик ишлаб чиқариш ва узатишни бошлайди. 

Иқтисодда ўзгармас олтин қоида бор: икки томонлама манфаат олдинга ҳаракатни юзага келтиради. Бу ерда ҳам аслида мўъжиза йўқ, ҳаммаси оддий, тадбиркор муассасаларни иситади ва пулини олади. Фикримизча, аста-секин бошқа ҳудудларда ҳам шу тизимга ўтиш керак.

Анвар Мустафоқулов.