Паст Дарғомдаги иситилмаётган мактаблар ҳақида муносабат билдирилди
- Zarnews.uz сайтида берилган “Паст Дарғомдаги мактаблар нега иситилмаяпти?” сарлавҳали танқидий мақола юзасидан қуйидагилар маълум қиламиз, - дейилади Самарқанд вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ахборот хизмати хабарида.
- Мақолада кўтарилган масалалар Паст Дарғом тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими масъуллари томонидан ўрганилди. Тумандаги 21-умумтаълим мактаби ҳақиқатан ҳам 2022-2023 йиллар куз-қиш мавсуми тугагандан сўнг, 15 март ҳолати билан табиий газдан қарздорлик боис тармоқдан узилган. “Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиали “Пастдарғомтумангаз” бўлими томонидан туманлараро иқтисодий судига туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими устидан киритилган даъво аризаси кўриб чиқилаётганлиги сабабли жорий йилнинг декабрь ойига қадар тумандаги 21-мактаб газ тармоғига уланмаган. 2023 йил 1 декабрь ҳолати билан мактаб тармоққа қайта уланган. Ҳозирги вақтда иссиқлик тизими барқарор ишлаб келмоқда.
Ўрганишлар давомида тумандаги 28-ИДУМ спорт залида иситиш қозонлари кўрсаткич (датчик)лари ишламаётганлиги маълум бўлган. Ушбу камчиликларни бартараф қилиш бўйича танлов-тендер савдоларига қўйилган, айни пайтда таъминотчилар томонидан етказилиши кутилмоқда. Қолган хоналар белгиланган меъёр даражасида иситилмоқда.
Туманидаги 125-мактабнинг иситиш тизими жойида ўрганилганда, иситиш қозонлари ва дудмўри (труба)лари тозаланмаганлиги, иситиш қозонлари масъул ўт ёқувчилар томонидан талаб даражасида ишлатилмаганлиги маълум бўлди. Ҳозирда мактаб иситиш қозонлари ва мўрилари туман бўлими эксплуатация хизмати томонидан тозаланиб, ишлатиб берилди ва хоналар исиши таъминланди.
Маълумот ўрнида: 2021 йилда ушбу мактаб давлат инвестиция дастури доирасида реконструкция (630 ўринли янги қурилиш) қилиниб, фойдаланишга топширилган. Ушбу мактабда 150 киловаттлик 2 дона кўмир, газ ва электр билан ишлайдиган иситиш қозонлари ўрнатилган. Мазкур мактаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 февралдаги “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-57-сонли қарорида белгиланган вазифаларга кўра, табиий газдан узилиб, кўмирга мослаштирилган. Мактабга жами 40 тонна кўмир ёқилғиси жорий йилнинг июнь-август ойларида етказиб берилган.
***
P/S: Қарздорлиги сабаб март ойида газ тармоғидан узилган тумандаги 21-мактаб муаммоси нега декабрь ойигача ҳал қилинмади? Мактаб газдан қарз бўлса, унинг қарзини ким тўлайди? Иш ҳалигача судда кўрилаётганини қандай тушуниш мумкин? Болаларни совуқда ўқишга мажбур қилган масъулларга қандай чора кўрилди ёки кўрилади? Вилоят ҳокимининг фармойиши билан Самарқандда ижтимоий соҳа объектлари ҳамда тураржой биноларини иситиш мавсуми жорий йилнинг 10 ноябридан бошланганини масъуллар билишадими?