Бир ғариб кўнглини қила олсанг шод...
Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ва шаҳар давлат солиқ инспекцияси ташаббуси билан ҳудудда яшовчи 160 нафар ногиронлиги бўлган фуқароларга дастурхон ёзилди.
Муборак Қурбон ҳайити арафасида ташкил этилган тадбирда бугунги кунда вилоятда мавжуд 71 минг нафардан зиёд жисмоний имконияти чекланган фуқаролардан 10 минг нафари болалар эканлиги, вилоят бўйича ногиронлик аравачаларига эҳтиёжманд 1500 нафар фуқародан 1147 нафарига ногиронлар аравачаси берилгани айтиб ўтилди.
Бугунги тадбирда ҳам 20 та аравача, 28 та қўлтиқтаёқ ҳамда 24 та ҳасса жисмоний имконияти чекланган фуқароларга совға қилинди.
- Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларга алоҳида эътибор қаратилиб, жамиятда ўз ўрнимизни топишимиз учун барча имкониятлар яратилган, - дейди Гулнора Азимбоева. – Мен ўзимни ногирон деб ҳисобламайман. Болалигимдан тўқувчиликка қизиқаман. Президентимиз томонидан яратиб берилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиб, тадбиркорлик билан шуғулланяпман. Турли хил кийимлар тўқиб, даромад топяпман. 20 нафар шогирд тайёрладим. Янги қурилган арзон уй-жойлардан имтиёзли кредит асосида квартира олдим. Кредит тўловларини касбим ортидан келаётган даромаддан тўлаб боряпман.
Тадбир иштирокчиларига таниқли санъаткорларнинг куй-қўшиқлари кўтаринки кайфият бағишлади.
Тўлқин СИДДИҚОВ.