Бир миллион ўзбек дастурчиси. Улар орасида сиз ҳам бўлишингиз мумкин
Бугунги кунда барча соҳаларда замонавий технологиялар кенг қўлланилмоқда. Айниқса, ахборот технологиялари билан барча соҳани “қуроллантириш” долзарб масалага айланди. Пировардида IT мутахассисларига талаб ортмоқда.
Шу боис, юртимизда ҳам IT мутахассислари тайёрлашни кенгайтириш, соҳада фаолият олиб бораётган тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратиляпти. Мисол учун, 2019 йилда Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида "Бир миллион ўзбек дастурчилари" лойиҳаси бошланди.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, IT-Парк ва Dubay Future Foundation билан ҳамкорликда амалга оширилаётган мазкур лойиҳанинг афзаллиги у uzbeckoders.uz платформасида ўзбек тилида юритилмоқда.
Лойиҳа ихтисослашган онлайн портал орқали кенг аҳоли учун бепул масофавий таълим беришга қаратилган. У қуйидаги тўрт йўналишни ўз ичига олади: Android (Google билан ҳамкорликда), Front-end development, Full-stack development ва маълумотларни таҳлил қилиш.
“Google”, “Facebook” ка ишга ўтиш мумкин бўлади
Платформадаги ҳар бир йўналиш асосий 120 соатлик ёки 12 ҳафталик курсдан бошланади ва ўрганишни бошлаш учун махсус билим талаб қилмайди. Муҳими, “Бир миллион ўзбек дастурчилари” платформасида курсларни муваффақиятли якунлаганлар Udacity Nanodegree грантини қўлга киритиши мумкин. Бу эса уларга Udacity платформасида бепул курсларда ўқиш имконини беради.
Udacity платформаси IT мутахассислигига йўналтирилган етакчи онлайн таълим платформаси. Унда ўқув дастурлари ва контент курслари Google, Facebook, Amazon, Autodesk ва бошқа етакчи IT компаниялари билан биргаликда ишлаб чиқилган. Шу боис, Udacity платформасида яхши таълим олган дастурчиларимиз компанияларда онлайн ёки офлайн ишга киришлари ҳам мумкин бўлади.
Рўйхатдан ўтиш жуда осон
Шу пайтгача вилоятимиздан 14 711 киши платформада сифатли таълим олган. Яъни, шунча самарқандлик дастурлаш бўйича бошланғич билимга эгалиги тўғрисида сертификатни қўлга киритган. Улар сафига сиз ҳам қўшилишни истасангиз uzbeckoders.uz платформасида қуйидаги маълумотларни киритиб, рўйхатдан ўтинг:
Аниқ имтиёзлар борми?
Жорий йил 20 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва бандлигига кўмаклашиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони имзоланди.
Фармоннинг 3-бандида ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган вазифалар белгиланганди.
Унда жорий йил 1 июндан АТ «Халқ банки», АТ «Алоқа банк» ва «Микрокредитбанк» АТБ томонидан «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида ўқув курсларини муваффақиятли тугатган ва сертификат олган ёшларга компьютер (шу жумладан, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмаган) харидлари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда истеъмол кредити ажратилиши қайд қилинган. Бу кредитлар бўйича фоиз тўловлари давлат бюджетидан Ёшлар ишлари агентлигига ажратилган маблағлар ҳисобидан компенсация қилинади.
Дилмурод Хўжамбердиев,
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи.
***
Ушбу мақола Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди грант лойиҳаси асосида тайёрланди.