Бир суткада пиёдалар иштирокида 13 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ томонидан берилган маълумотга кўра, жорий йилнинг 24 декабрь куни республикамиз ҳудудида пиёдалар иштирокида 13 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган.

Афсуски, уларнинг аксарияти пиёдалар томонидан йўл қўйилган қоидабузарликлар сабабли юзага келган. Бир кунда пиёдалар иштирокида 13 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлиши жуда ҳам ачинарли ҳол. Бу каби ходисалар сабаб жабр кўрганлар орасида сиз билан бизнинг яқинларимиз, танишларимиз ҳам бор.

Юқорида таъкидланган 13 та ҳолат сабаб қанчадан-қанча оилаларда янги йил кўтаринкилиги, хурсандчилик, болалар кулгиси янграмайди. Бу ҳолатларнинг жамиятимизга ҳам зарари етарлича. Уларнинг захри тарқагунча қанча оилалар ташвишда бўлади. Шу бизга керакми? Йўқ, албатта. Шундай бўлмаслиги мумкинмиди? Ҳа, мумкин эди. Бунинг учун эса барчамиздан йўлларда ҳаракатланганда озроқ хушёр бўлиш, “Йўл ҳаракати қоидалари”га қатъий амал қилиш талаб этилади. Бу унчалик ҳам мураккаб иш эмас.

Ҳурматли ҳамюртлар! Кириб келаётган Янги йил байрамини оила даврасида, ҳурсандчиликда нишонлаш ҳаммамизга насиб этсин. Бир сониялик шошма-шошарлик бир умрлик афсусга сабабчи бўлиб қолмасин, десангиз “Йўл ҳаракати қоидалари”га амал қилинг.