Биринчи чоракда Ўзбекистонга 1,4 миллион сайёҳ келди

Давлатимиз раҳбарининг эътибори ва қўллаб-қувватлаши туфайли туризм саноати Ўзбекистон иқтисодиётидаги асосий йўналишлардан бирига айланмоқда. Хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш бўйича қабул қилинган чора-тадбирлар натижасида 2019 йилнинг биринчи чорагида янги туристик ташкилотларнинг сони 111 тага кўпайди. 

Бу ҳақда пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида ташкил этилган “Ўзбекистон – сайёҳлик бизнеси учун янги имкониятлар” мавзусидаги матбуот анжуманида маълум қилинди.

– 2018 йилда 2017 йилга нисбатан Ўзбекистонга ташриф буюрган хорижий сайёҳлар сони икки баравар кўпайди, – дейди Ўзбекистон Хусусий туризм ташкилотлари уюшмаси (АЧТО) раиси Гулчеҳра Исроилова. – Агар 2017 йилда Ўзбекистонга келган хорижий фуқаролар сони 2,7 миллион кишини ташкил этган бўлса, 2018 йилда уларнинг умумий сони 5,3 миллион кишидан ошди. Узоқ чет мамлакатлардан келаётган сайёҳларнинг энг кўп ўсиши АҚШда кузатилган. Бу давлатдан Ўзбекистонга келган фуқароларнинг сони 8 баравар ошди. Бундан ташқари, Жануби-Шарқий Осиёдаги аҳолининг юртимизга бўлган қизиқишини кузатиш қувонарли. Индонезия ва малайзиялик сайёҳлар Ўзбекистонни зиёрат туризмига умид берувчи мамлакат деб ҳисоблайди.

2019 йилнинг биринчи чорагида мамлакатимизда 1,4 миллионга яқин сайёҳ келган. Ўсиш суръатлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 972,3 минг кишига ортган.

Ушбу тенденциялар ва миқдорий кўрсаткичлар туризм инфратузилмаси объектларининг ривожланишига ҳам таъсир кўрсатмоқда. Мисол учун, биринчи чоракда янги 40 та турар жой объекти фойдаланишга топширилди.

Умуман олганда, соҳага қаратилган эътибор туризм соҳасини жадал ривожлантириш ва унинг инфратузилмасини шакллантириш, ҳудудларни диверсификация қилиш, аҳолининг турмуш даражасини юксалтириш ва халқаро майдонда мамлакатнинг обрўсини ва инвестицион жозибадорлигини оширишга йўналтирилган.

Хуршид Қодиров, ЎзА.