Бирор бола боғчадан четда қолмайди

Бугун вилоятимизда мактабгача ёшдаги болаларни боғчага қамраб олиш даражаси 74,3 фоизни ташкил этади.
Яна бир муҳим маълумот, соҳада нодавлат секторнинг улуши 2017 йилда 1 фоиз бўлгани ҳолда, айни пайтда бу кўрсаткич қарийб 44,8 фоизни ташкил қилмоқда.
Ўтган давр мобайнида таълимнинг муқобил шаклларидан бири - 1406 та мажбурий (бепул) бир йиллик мактаб таълимига тайёрлов гуруҳларига 32 мингдан ортиқ 6 ёшли болалар жалб қилиниб, қамров 40 фоиздан 95 фоизга етказилди.
Болаларнинг илк ривожланишига хизмат қиладиган мактабгача таълимнинг муқобил шаклларини янада кенгайтириш мақсадида боғча ёшидагилар қамров даражаси паст бўлган вилоят марказидан олис ва чекка Нуробод, Қўшработ, Булунғур, Каттақўрғон, Паст Дарғом ва Ургут туманларида “Ақлвой” лойиҳаси доирасида 7 та “Исузу” русумли автобус негизида 40 та мобил гуруҳларига 600 дан зиёд болалар мактабгача таълимга қамраб олинди.
Кам таъминланган, ижтимоий кўмакка муҳтож оила фарзандлари ҳамда имконияти чекланган болалар учун Тойлоқ педагогика коллежи негизида “Илк ривожлантириш маркази” ташкил этилиб, уйда мактабгача таълим бериш модели жорий этилди.
Вилоят бўйича “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган кам таъминланган эҳтиёжманд оила вакилларининг 5271 нафар фарзандлари ота-оналарнинг ойлик бадал тўловидан озод қилинган.