Битирувчилар учун меҳнат ярмаркаси ташкил этилди

Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университетида иш берувчилар ҳамкорлигида “Карьера куни” меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.

Меҳнат ярмаркасига 70 га яқин архитектура, шаҳарсозлик ва қурилиш соҳасида фаолият олиб бораётган компания, ишлаб чиқарувчи саноат, корхона ва ташкилот вакиллари ташриф буюриб, ўзларининг тақдимот маҳсулотлари билан иштирок этди.

- Жорий ўқув йилида университетда 1234 нафар талаба битириш арафасида, шундан 1049 нафари бакалавр ва 140 нафари магистратура мутахассислари ҳисобланади, – дейди университет ректори Чидем Туркйилмаз. — Университетимизда тайёрланаётган шаҳарсозлик, архитектура ва қурилиш соҳаси бўйича мутахассислар Ўзбекистон Республикаси қиёфасини ўзгартиришда, кўп қаватли турар жойлар ҳамда бинолар қуришда ўз ҳиссасини қўшади, деб ўйлайман. Жорий ўқув йилидан бошлаб хорижий тажрибаларга таянган ҳолда янги йўналишлар очишни бошладик. Кейинги ўқув йилларидан бошлаб мавжудларининг барчасини корхона ва ташкилотлар буюртмалари ва уларнинг таклифларини эътиборга олган ҳолда ўқув режаларига ўзгартириш киритиш, жаҳон бозорида рақобат қила оладиган илмий салоҳиятга эга, сифатли, энг муҳими, универсал архитектура ва қурилиш йўналишида кадрлар тайёрлаб беришга илк қадамни қўйдик.

Ташкил этилган меҳнат ярмаркасида иш берувчилар ва битирувчилар ўртасида бевосита ўзаро суҳбатлар олиб борилиб, 146 нафар битирувчи билан уч томонлама шартномалар имзолашга эришилди.